Путин Украинага нисбатан ҳудудий талабларни кучайтирди
Россия энди урушни тугатиш бўйича бирон-бир келишув доирасида Украина ҳудудларини қайтариш ниятида эмас ва Суми, Харков вилоятлари ҳудудларини буфер зона сифатида сақлаб қолиш ниятида, деб хабар бермоқда “Bloomberg” нашри.
Хабарга кўра, РФ етакчиси Владимир Путин ҳали ҳам бутун Донбасни эгаллаб олиш ниятида ва музокаралар фақат шу мақсадга эришилгандан кейингина қайта бошланиши мумкинлигига ишонади.

Мамлакат Мудофаа вазирлиги президентга 2026 йил охирига қадар Донецк вилоятининг қолган қисми устидан тўлиқ назоратни қўлга киритишига ишонтирди, деб аниқлик киритди нашр манбаларидан бири. Бироқ рус ҳарбийларига яқин манба бу муддатни ҳаддан ташқари оптимистик деб атади ва кўплаб ҳарбий хизматчилар операцияни 2027 йилда тугатишни янада ҳақиқий деб ҳисоблашларини айтди.
Таъкидланишича, Путин 2025 йил август ойида Аляска саммитида Трамп билан эришилган норасмий келишувлар энди ҳақиқий эмас деган қарорга келганидан кейин ҳудудий алмашинув ҳақидаги аввалги ғоядан воз кечди.
Нашрнинг қўшимча қилишича, Кремлнинг қаттиқ позициясига Украинанинг ёқилғи инқирозига олиб келган нефтни қайта ишлаш заводларига зарбалари ҳам таъсир қилган.
С.Раҳимов, ЎзА