Нью-Йорк марказида “хот-дог” ҳайкали ўрнатилди
АҚШ Нью-Йорк шаҳрининг машҳур Таймс-сквер майдонида баландлиги қарийб 20 метр бўлган улкан хот-дог ҳайкали ўрнатилди. У АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан аҳоли ва сайёҳларга намойиш қилинмоқда. Ноодатий кўринишдаги ушбу ҳайкал қисқа вақт ичида кўпчиликнинг диққатини тортди.
Ҳайкални бруклинлик ижодкорлар Жен Кэтрон ва Пол Аутлоу тайёрлаган. У аввал яратилган хот-дог ҳайкалининг янгиланган кўриниши ҳисобланади. Муаллифлар бу сафар уни янада йирик ва кўзга ташланадиган шаклда ясаган.
Ижодкорлар танлов айнан Таймс-скверга тушганини бу ерда турли миллат вакиллари тўпланиши билан изоҳлади. Уларнинг фикрича, ушбу майдон Америка ҳаётининг серқирра манзарасини акс эттиради. Шу боис ҳайкалнинг асосий ғояси ҳам айнан шу ерда яққол намоён бўлади.
Муаллифлар асар ташқи кўринишидан ҳазиломуз туюлса-да, у орқали бугунги Америка жамияти ҳақида ўйлашга ундашни мақсад қилганини билдирди. Улар хот-дог тимсоли орқали мамлакатнинг турмуш тарзи, оммавий маданияти ва замонавий ҳаётига ўзига хос ишора берганини таъкидлади.
Мусулмон Зиё, ЎзА