Психотроп дори воситаларини тарқатувчи шахс ушланди
Гиёҳвандлик ва психотроп моддалар ёш оилаларнинг барбод бўлиши, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзи бузилишига сабаб бўлади. Шу сабабли, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан мунтазам равишда бундай салбий иллатларга қарши кенг кўламли ишлар олиб борилиб, жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйилмоқда.
Хусусан, ДХХ Тошкент вилояти Бошқармаси томонидан вилоят ИИББ билан ҳамкорликда амалга оширилган фаол тадбир натижасида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ ҳолат фош этилди. Жиззах вилояти Бахмал туманида яшовчи, 1992 йили туғилган А.Н. томонидан 700 дона “Зардекс” кучли таъсир қилувчи психотроп дори воситасини бошқа бир шахсга 40 миллион сўмга сотаётган вақтда Зангиота туман ҳудудида қўлга олинди.

Тошкент вилояти ИИББ ходимлари томонидан А.Н.га нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Бу каби салбий ҳолатларга қарши саъй-ҳаракатлар давом этмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.