Тиббиёт институтда семинар
Андижон давлат тиббиёт институтида “Гендер тенглиги – барқарор ривожланиш асосларидан бири” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қошидаги Фуқаролик жамиятларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда “Иқбол” газетаси таҳририяти ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида ўтказилган семинарда лойиҳа ташкилотчилари, экспертлар, институт профессор-ўқитувчилар, талабалар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Семинарда сўз олган институт ректорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Гулҳаё Холматова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Восит Аҳмад ва бошқалар бугунги кунда гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида гапирди.
– “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 25-мақсадида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, уларнинг сиёсий ва иқтисодий фаоллигини ошириш бўйича аниқ вазифалар ўз ифодасини топган, – дейди институт ректорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Гулҳаё Холматова. – Мазкур лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар, ўтказилаётган тадбирлар вилоятда ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга ҳисса қўшади.
[gallery-28385]
Андижон давлат тиббиёт институти Госпиталь терапия ва эндокринология кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори Шаҳноза Юсупованинг “Гендер тенглигининг ҳуқуқий асослари” мавзусидаги маърузаси ҳам тингланди.
Иштирокчилар маъруза юзасидан гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оилавий тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирди.
Семинарда фаол қатнашган бир гуруҳ талабалар ташкилотчиларнинг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.