Профилактик тадбирлар ташкил этилди
Қурилиш соҳасида хавфсизлик талабларига қатъий риоя этилиши инсон ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишнинг муҳим омили ҳисобланади. Айниқса, қурилиш ишлари жадал кечаётган ҳудудларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ишлаб чиқаришдаги хавф-хатарларни барвақт бартараф этиш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармасининг шаҳарсозлик соҳасида профилактика бўлими ходимлари томонидан Жиззах шаҳридаги қурилиш объектларида ана шундай профилактик тадбирлар ташкил этилди. Уларнинг асосий мақсади қурилиш майдонларида хавфсиз меҳнат муҳитини шакллантириш, ёнғинлар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин бўлган омилларни барвақт аниқлаш ва қонунчиликда белгиланган талабларга сўзсиз амал қилинишига эришишдан иборат бўлди.

Тадбирлар давомида қурилиш ташкилотларининг раҳбар ва масъул мутахассислари, шунингдек, ишчи-хизматчилар билан амалий мулоқотлар ўтказилди. Уларда амалдаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (ШНҚ), ёнғин хавфсизлиги талаблари, электр жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш тартиби, эвакуация йўлларини доимо очиқ сақлаш, қурилиш майдонларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этиш ҳамда фавқулодда вазиятлар юзага келганда тўғри ҳаракат қилиш алгоритмлари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, қурилиш объектларида хавфсизлик талабларининг амалдаги ҳолати кўздан кечирилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатма ва амалий тавсиялар берилди. Бу каби профилактик ёндашув фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, меҳнат муҳофазаси талабларини мустаҳкамлаш ва қурилиш ишларини хавфсиз ташкил этишга хизмат қилади.

Мамлакатимизда мазкур йўналишдаги ишлар изчил ҳуқуқий асосда амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 октябрда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш тизимини такомиллаштиришга бағишланган тақдимотида соҳада профилактик ишлар самарадорлигини ошириш, хавф-хатарларни олдиндан баҳолайдиган ва тезкор чора кўрадиган замонавий тизимни шакллантириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Шунингдек, ёнғин хавфсизлиги бўйича амалдаги ёндашувларни янгилаш, давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар масъулиятини кучайтириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Жиззах шаҳрида ўтказилаётган профилактик тадбирлар ана шу вазифаларнинг жойлардаги амалий ижроси бўлиб, қурилиш объектларида хавфсизлик маданиятини юксалтириш, ёнғин ва бошқа фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда инсон ҳаёти ва саломатлигини ишончли муҳофаза қилишга хизмат қилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири