Президентимиз ташаббуслари ШҲТнинг келажагига оид узоқни кўзлаган стратегик қарашни ифода этди
Қирғиз Республикасида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей йиғилиши нафақат ташкилотнинг чорак асрлик тараққиёт йўлини сарҳисоб қилиш, балки унинг келажакдаги ривожланиш йўналишларини белгилаш жиҳатидан ҳам муҳим сиёсий воқеа бўлди.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Маматкаримов шу ҳақда муносабат билдирди:
– Нуфузли саммитда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар ШҲТни замонавий таҳдидларга биргаликда жавоб берадиган, иқтисодий ва технологик тараққиётни рағбатлантирадиган ҳамда инсон манфаатларига хизмат қиладиган янада самарали ҳамкорлик маконига айлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда дунёда кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар, глобал ишонч тақчиллиги, иқтисодий беқарорлик, иқлим ўзгариши ва технологик рақобат халқаро ҳамкорликнинг мазмун-моҳиятини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда. Бундай шароитда давлатларнинг барқарор тараққиёти фақат миллий имкониятлар билан эмас, балки ўзаро ишонч, манфаатли ҳамкорлик, технология ва билимлар алмашинуви ҳамда умумий муаммоларга биргаликда ечим топиш қобилияти билан ҳам белгиланади.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ШҲТ ўтган 25 йил давомида “Шанхай руҳи” тамойилларига амал қилган ҳолда тенг ҳуқуқли мулоқотни таъминлаш, минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш ва аъзо давлатларнинг изчил ривожланишига кўмаклашиш борасида ўзига хос тажриба тўплади.
Айниқса, Ўзбекистон ташкилотнинг очиқ, блоклардан холи ва тинчликсевар ҳамкорлик платформаси сифатида мустаҳкамланишини изчил қўллаб-қувватлаб келаётир. Бу мамлакатимиз ташқи сиёсатининг прагматик ва конструктив моҳиятини ифодалайди.
Бугун эса ШҲТ олдида янги тарихий вазифа турибди. Бу – тўпланган улкан инсоний, табиий, ишлаб чиқариш ва интеллектуал салоҳиятни халқлар фаровонлиги йўлида бирлаштиришдир. Президентимиз томонидан илгари сурилган “ШҲТ - 2040: умумий тараққиёт макони” концептуал қарашининг моҳияти ҳам айнан шунда. У инвестициялар, технологиялар ва билимлар эркин алмашинадиган, йирик инфратузилма ва саноат лойиҳалари амалга ошириладиган, минтақалар, бизнес ва одамлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар кенгаядиган ўзаро боғлиқ ва барқарор маконни шакллантиришни назарда тутади.
Бу ташаббусга фақат иқтисодий интеграция нуқтаи назаридан қараш етарли эмас. Унинг замирида тараққиётнинг янги модели – билим, технология ва инсон капиталига таянган ҳамкорлик модели мужассам. Чунки бугун жаҳон иқтисодиётида рақобат тобора кўпроқ табиий ресурслар учун эмас, балки интеллектуал салоҳият, илмий кашфиётлар, юқори технологиялар ва инновацион ечимлар учун кечмоқда. Демак, ШҲТнинг келажакдаги қудрати ҳам унга аъзо давлатларнинг ана шу салоҳиятни бирлаштира олишига кўп жиҳатдан боғлиқ.
Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг сунъий интеллект соҳасидаги ташаббуслари алоҳида эътиборга молик. ШҲТнинг очиқ кўп тилли маълумотлар корпусини шакллантириш ҳамда Тошкент шаҳрида ШҲТнинг сунъий интеллект ва янги рақамли ечимлар бўйича форумини ўтказиш таклифлари ташкилот доирасида технологик ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб бериши мумкин.
Айниқса, очиқ кўп тилли маълумотлар корпусини яратиш ташаббуси катта истиқболга эга. Сунъий интеллект технологиялари жадал ривожланаётган бугунги шароитда тил ва маълумотлар рақамли тараққиётнинг стратегик ресурсига айланмоқда. Бундай платформа аъзо давлатлар олимлари, тадқиқотчилари ва IT мутахассислари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, миллий тилларни замонавий рақамли технологияларга кенгроқ интеграция қилиш ва қўшма илмий-технологик лойиҳалар учун янги имкониятлар яратиши мумкин.
ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг инсон капиталига йўналтирилаётгани ҳам ғоят муҳим. Президентимиз “ШҲТ плюс” форматини барқарор ўсиш, юқори технологияларни жорий этиш ва иқлимга мослашиш билан бир қаторда инсон капиталини ривожлантириш, ҳаммабоп таълим ва ёшларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича минтақалараро мулоқот майдони сифатида ривожлантиришни таклиф қилди.
Бу ғоя бугунги глобал тараққиётнинг энг муҳим қонуниятига мос келади. Зеро, ҳар қандай иқтисодий ёки технологик ривожланишнинг марказида инсон туради. Замонавий билимга эга, мустақил фикрлайдиган, янги технологияларни ўзлаштира оладиган ва инновация яратиш қобилиятига эга авлодни тарбияламасдан туриб, узоқ муддатли рақобатбардошликка эришиб бўлмайди. Шу боис таълим ва ёшларни қўллаб-қувватлашнинг ШҲТ даражасидаги стратегик кун тартибига олиб чиқилиши ташкилот тараққиётига узоқ муддатли нуқтаи назардан ёндашилаётганини кўрсатади.
Давлатимиз раҳбари томонидан соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам ўзаро тажриба ва технологиялар алмашинувини кенгайтиришга қаратилган муҳим ташаббус илгари сурилди. Хусусан, табиатдан фойдаланиш, “яшил” энергетика, рақамли хизматлар ва соғлиқни сақлаш соҳаларида минтақалараро лойиҳалар ҳамда технологияларнинг Очиқ банкини шакллантириш таклиф этилди.
Мазкур механизм самарали йўлга қўйилса, бир мамлакатда ўзини оқлаган илғор тажриба ва технологияларни бошқа давлатларга тезроқ татбиқ этиш, илмий ишланмалардан кенгроқ фойдаланиш ва умумий муаммоларга ҳамкорликда ечим топиш имкониятлари кенгаяди. Айниқса, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, рақамли тиббиёт ва профилактика соҳаларида бундай тажриба алмашинуви катта амалий аҳамият касб этиши мумкин.
Президентимизнинг “ШҲТ плюс” форматидаги нутқида илгари сурилган ёндашувлар эса мазкур ташаббусларни янада кенг глобал мазмун билан бойитди. Ўзбекистон БМТнинг марказий ва мувофиқлаштирувчи ролини сақлаб қолган ҳолда, минтақавий ташкилотларни унинг саъй-ҳаракатларини амалий жиҳатдан тўлдирувчи куч сифатида кўрмоқда. Шу асосда “ШҲТ плюс”ни минтақалараро мулоқот ва ҳамкорлик тармоғига айлантириш ғояси илгари сурилди.
Бу ёндашувнинг туб моҳияти жуда муҳим: замонавий кўп қутбли дунё янги бўлиниш чизиқларини эмас, балки янги ҳамкорлик нуқталарини яратиши керак. Ўзбекистоннинг позицияси ҳам айнан шунга – рақобатдан кўра ўзаро манфаатдорликка, қарама-қаршиликдан кўра мулоқотга, ажралишдан кўра боғлиқликка асосланган тараққиёт маконини шакллантиришга қаратилган.
Хулоса қилиб айтганда, Бишкек саммитида Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар ШҲТнинг келажагига нисбатан кенг қамровли ва узоқни кўзлаган стратегик қарашни ифода этди. “ШҲТ - 2040: умумий тараққиёт макони” ғоясининг энг муҳим жиҳати шундаки, унинг марказига инсон фаровонлиги, билим, илм-фан, технология ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик қўйилмоқда. Бундай ёндашув ШҲТни нафақат барқарорликни таъминловчи, балки халқларни умумий тараққиёт мақсадлари атрофида бирлаштирувчи таъсирчан халқаро тузилма сифатида янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Н.Абдураимова, ЎзА