Кўҳна Самарқанд шаҳри дунё мамлакатларининг ёш парламент аъзолари глобал конференциясига тайёр
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан жорий йил 4-6 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Олий Мажлис Сенати ҳамда Парламентлараро иттифоқ ҳамкорлигида Парламентлараро иттифоқ Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси бўлиб ўтади.
Анжуманда 183 мамлакат, 15 халқаро ташкилот вакиллари ҳамда 50 га яқин доимий кузатувчидан иборат 300 га яқин иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.
Айни пайтда Самарқандга Парламентлараро иттифоқ вакиллари, шунингдек, Буюк Британия, Хитой, Россия, Канада, Туркия, Германия, Ирландия, Жазоир, Зимбабве, Кот д’Ивуар, Озарбайжон, Покистон, Сейшел ороллари, Уругвай, Уганда, Намибия, Швейцария, Шимолий Македония, Эрон, Баҳрайн, Нигерия, Мавритания, Жанубий Африка, Камбоджа каби давлатлардан парламент делегациялари етиб келди.

Парламентлараро иттифоқ Президенти Тулия Эксон хоним глобал конференция муносабати билан Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.
Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Анда Филип хоним ҳамда Сербия Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикерининг ўринбосари Эдин Джерлек ҳам Самарқандга етиб келди.

Юқори мартабали меҳмонларни Самарқанд аэропортида Олий Мажлис Сенати аъзолари илиқ кутиб олди.
Глобал конференция бошқа иштирокчилари нуфузли тадбир ўтказиладиган манзилга етиб келишда давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, глобал конференция Самарқанддаги халқаро Конгресс марказида бўлиб ўтади. Марказ «Буюк ипак йўли» (Silk Road Samarkand) халқаро туристик маркази ҳудудида жойлашган бўлиб, атрофида нуфузли Hilton Samarkand Regency ва Silk Road by Minyoun меҳмонхоналари, шунингдек, «Боқий шаҳар» этнографик мажмуаси жойлашган.

Мазкур марказ Марказий Осиёдаги энг йирик ва замонавий кўп тармоқли тадбирлар ўтказиш масканларидан бири бўлиб, юқори даражадаги сиёсий, иқтисодий ва маданий анжуманларни қабул қилишга мўлжалланган. Умумий майдони 28 минг квадрат метрдан ортиқ, функционал тадбирлар майдони эса 18 минг кв. метрни ташкил этадиган марказда 3,5 минг нафаргача меҳмонни қабул қилиш мумкин. Унда 13 замонавий конференц-зал ва музокаралар хоналари мавжуд.
Энг катта зали (Grand Hall) майдони 3,5 минг кв. метр бўлиб, 3 минг кишини сиғдира олади.
Ҳозирги пайтда Конгресс марказида йирик анжуманга юқори даражадаги тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилган. Бу ерда иштирокчилар учун зарур бўлган барча қулайликлар яратилган.
Норгул Абдураимова, ЎзА