Президент совғалари Наманганга етиб кeлди
Совғалар ортилган юк транспорт воситалари карвони вилоят ҳокимлиги, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мутасадди ходимлари томонидан кутиб олинди. Ўқув қуроллари тегишли тартибда тўпланиб, шаҳар ва туманларга етказилади.
Янги ўқув йилида Наманган вилоятидаги 721 умумий ўрта таълим ҳамда нодавлат таълим масканларига мактаб ёшидаги 70 минг 838 нафар бола биринчи синфга қабул қилиниши режалаштирилган.

“Таъминот ва логистика хизмати” масъулияти чекланган жамияти томонидан 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси ҳудудлардаги ўқувчилар сонига мос равишда барча мактабларга тақдим қилинади.

Янги ўқув йилига мўлжалланган совғанинг таркибига портфель, дафтар, расм дафтари, акварель бўёқлари, рангли қоғоз, қаламдон, шарикли ручка, рангли қалам, оддий қалам, пластилин, елим, ўчирғич киради.

Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Мардонбек Эсонбоевнинг маълум қилишича, ҳар бир биринчи синфга қабул қилинган ўқувчи adm.maktab.uz – электрон тизимга киритиб борилмоқда. Бундан мақсад болаларни ўз вақтида ва тўлиқ Президент совғаси билан таъминлашдир. Бугунги кун ҳолатига кўра, электрон тизим орқали 65 минг 734 нафар бола қабул қилинди ва жараёнлар давом этмоқда.

Жорий йилги болалар портфелларининг ўзига хос жиҳати шундаки, уларга мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллиги ҳамда давлат рамзлари акс эттирилган махсус ёрлиқларнинг қадалганидир. Мазкур рамзий туҳфа ўсиб келаётган жажжилар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА