DMED тизими аҳолига қандай қулайликлар яратмоқда?
Шифокор қабулига узундан-узун навбатлар, қоғозбозлик ва сарсонгарчиликлар ўрнини бугун замонавий рақамли технологиялар эгалламоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасида тиббиёт муассасаларида беморларни рўйхатга олиш, тиббий маълумотларни ягона рақамли маконда жамлаш ҳамда улардан тезкор фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда.
Президентимиз томонидан тиббиёт соҳасига қаратилаётган юксак эътибор натижасида ушбу йўналиш тўлиқ рақамлаштирилмоқда. DMED – мамлакатимизда жорий этилган давлат рақамли тиббиёт ахборот платформаси бўлиб, у шифокор қабулига ёзилиш, электрон тиббий карта юритиш, ташхис ва таҳлил натижаларини сақлаш, шунингдек, QR-кодли электрон рецептларни расмийлаштириш учун хизмат қилади. Ҳозирга қадар ушбу платформада 38 миллиондан зиёд аҳолининг электрон тиббий картаси шакллантирилгани соҳадаги рақамлаштириш жараёнлари жадал кетаётганидан далолат беради.
Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов ушбу тизимнинг янги имкониятлари ва уни янада такомиллаштиришга қаратилган тақдимот билан танишди. Унда платформанинг электрон хизматлар кўламини кенгайтириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларни самарали ташкил этишга доир янги ечимлар намойиш этилди. Хусусан, DMED тизимининг “Имтиёзли йўлланма” модулида электрон навбат олишни такомиллаштириш, электрон рецептни расмийлаштириш, ҳомиладорлик даври учун меҳнат таътилини электрон шаклда расмийлаштириш каби масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, тиббий ахборот тизимларини Рақамли соғлиқни сақлашнинг ягона платформаси билан интеграция қилиш, дори-дармонларга бўлган эҳтиёжни шакллантириш бўйича техник ечимлар кўриб чиқилди.
Айни пайтда тизимда 2 500 дан зиёд IT-оператор фаолият юритмоқда. Платформа имкониятларини янада яхшилаш мақсадида тиббиёт муассасалари замонавий техникалар билан жиҳозланмоқда. Хусусан, 2025 йилда тиббиёт муассасалари учун қўшимча 33,2 мингта компьютер сотиб олиниб, уларнинг умумий сони 88,6 мингтага етказилди. Жорий йил давомида маҳаллий бюджет ҳисобидан 15 500 га яқин компьютер ва 13 400 дан ортиқ планшет харид қилиш режалаштирилган.
DMED платформаси 2025-2026 йилларда 25 дан зиёд давлат органлари ахборот тизимлари билан интеграциялаштирилди. Тизимда "Электрон поликлиника", "Ягона электрон тиббий карта", "Электрон шифохона", "Электрон рецепт", "Электрон навбат", "Электрон лаборатория", “KPI”, “Омборхона-2” каби 20 дан зиёд модул жорий қилинди. Янги ташкил этилган модул ёрдамида ижтимоий реестрга киритилган 5 мингдан зиёд беморнинг “Вақф” фонди орқали ажратилаётган маблағлар ҳисобидан бепул даволаниши таъминланди. Ягона интерактив давлат хизматлари порталида эса 6 та янги хизмат йўлга қўйилди.
Натижада, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рақамлаштириш ҳолати рейтинги 2023 йилнинг биринчи ярмида 44,45 баллни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 84 баллга етди.
Умуман олганда, DMED платформаси туфайли қоғозли рецепт ва ундаги ўқилиши қийин ёзувлар, дори воситасини нотўғри қабул қилиш ҳамда шифокор қабулида узоқ навбат кутиш каби нохуш ҳолатлар ўтмишга айланмоқда. Бу эса аҳолининг тиббий хизматдан фойдаланиш сифати ва тезкорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА