Президент қарорлари ижроси туризм ривожига хизмат қилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 ноябрдаги “Қашқадарё вилоятида тоғли-рекреацион ҳудудларда замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм объектларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоятда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш, замонавий туристик марказлар ташкил этиш ва инвестицияларни кенг жалб қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур қарорга мувофиқ, “Шаҳрисабз” ва “Майданак баланд тоғ” туристик марказларини ривожлантириш ва бошқариш мақсадида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузурида туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқариш департаменти ташкил этилди. Ушбу тузилма доирасида янги иш ўринлари яратилиб, соҳадаги бошқарув самарадорлиги оширилди.

“Шаҳрисабз” туристик марказини барпо этиш учун 240 гектар ер майдони ажратилиб, мастер-режа асосида ер участкалари аукцион савдоларига чиқарилди. Натижада лотлар юқори қийматда сотилиб, инвесторлар томонидан қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

Бугунги кунда ҳудудда муҳандислик-коммуникация тармоқларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ичимлик ва оқова сув тармоқлари, электр таъминоти, интернет инфратузилмаси ҳамда ички йўллар қурилиши изчил амалга оширилмоқда.

Қарор ижроси доирасида тижорат банклари ва хусусий сектор иштирокида қатор йирик инвестиция лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилди. Хусусан, “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан замонавий меҳмонхона, хостел ва хизмат кўрсатиш объектларини ўз ичига олган йирик мажмуа барпо этилди. “Асакабанк” иштирокида меҳмонхона ва савдо-комплекслари қурилиб, аҳоли учун янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, Миллий банк томонидан дор йўли, автотураргоҳ ва сервис инфратузилмаси ташкил этилди.

Ҳудуднинг жозибадорлигини ошириш мақсадида “Оқдарё” дарёси бўйлаб пиёдалар ва велойўлаклар, осма кўприклар, тунги ёритиш тизимлари барпо этилди. Хавфсизликни таъминлаш учун замонавий кузатув воситалари ўрнатилиб, турист-полиция хизмати йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш мақсадида кўчма савдо дўконлари ташкил этилиб, кам таъминланган фуқароларга шартнома асосида фойдаланишга берилди. Ҳудудда болалар майдончаси, ёшлар хиёбони ва нуронийлар маскани каби ижтимоий инфратузилма объектлари ҳам барпо этилди.

“Майданак баланд тоғ” туристик марказида ҳам қарор ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, планетариум, обсерватория ва астрономик музейни замонавий лойиҳа асосида реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Умуман олганда, мазкур қарор ижроси доирасида ҳудудга йўналтирилган инвестициялар ҳажми 1 триллион 280 миллиард сўмдан ошди. Натижада 2 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.

Белгиланган режаларга кўра, 2030 йилга қадар ушбу туристик марказларга ташриф буюрувчи маҳаллий сайёҳлар сонини 3 миллион нафарга, хорижий сайёҳлар сонини эса 200 минг нафарга етказиш кўзда тутилган.

Бу каби амалий натижалар Президент қарорлари ижроси изчил таъминланаётгани, туризм соҳасида янги ўсиш нуқталари шаклланаётганини яққол намоён этмоқда.
Нуриддин Авлоқулов,
Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва
Ҳукумати ҳужжатлари ижросини назорат қилиш
шўъбаси бош маслаҳатчиси.
ЎзА