"Президент олимпиадаси": Умумжамоада Хоразм вилояти пешқадам
Пойтахтимизда давом этаётган “Президент олимпиадаси”нинг ортда қолган учинчи кунги мусобақалар натижасига кўра, Хоразм вилояти жамоаси умумжамоа ҳисобида пешқадамлик қилмоқда.
Бугун, 30 октябрь куни “Олимпия шаҳарчаси”, Республика олимпия ва паралимпия спорт турлари маркази ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети спорт мажмуаларида давом этаётган “Президент олимпиадаси”нинг тўртинчи кунги мусобақалари бўлиб ўтади.

Кеча чим устида хоккей ва енгил атлетика йўналишлари поёнига етган бўлса, бугун, 30 октябрь куни дзюдо, волейбол ва стол тенниси баҳсларида “Президент олимпиадаси”нинг сўнгги мусобақалари бўлиб ўтади.
Бугун, шунингдек, оғир атлетика ва қиличбозлик мусобақалари давом этса, спорт курашлари, соҳил волейболи мусобақалари олдидан мандат комиссиясининг йиғилиши, қуръа ташлаш маросимлари ташкил этилади.

Умумжамоа ҳисобида Хоразм вилояти вакиллари 13 та олтин, 6 та кумуш ва 10 та бронза медали билан етакчилик қилаётган бўлса, Қашқадарё вилояти спортчи ёшлари 10 та олтин, 16 та кумуш ва 12 та бронза медали билан 2-ўринни, Самарқанд вилояти жамоаси 10 та олтин, 8 та кумуш ва 5 та бронза медаль жамғарган ҳолда 3-ўринни эгаллаб турибди.

Эслатиб ўтамиз, 8 ноябрга қадар давом этадиган “Президент олимпиадаси” мусобақаларида 4 минг нафарга яқин спортчилар ғолиблик йўлида баҳс олиб бораётган вазиятда минг нафардан зиёд мураббийлар уларга йўл-йўриқ кўрсатиб турибди. Мусобақаларни 600 нафарга яқин ҳакамлар бошқариб бормоқда.
Т.Рўзиев,
ЎзА