Хорижлик спорт таълими олимлари “Президент олимпиадаси” мусобақаларини кузатди
Ўзбекистон давлат спорт академиясида Марказий Осиё халқаро таълим форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Португалиянинг "Jean Piaget Polytechnic Institute of the North (IPJPN)" вице-президенти Паула Родригес ҳамда Италиянинг Тренто университети тадқиқотчиси Клаудиа Бонфиглиоли билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда Ўзбекистон давлат спорт академияси ректори Илҳомжон Турсуналиев юртимизда спорт таълимини ривожлантириш, янги лойиҳаларни жорий этиш, спорт таълимида олиб борилаётган илмий изланишлар хусусида тўхталди.

Муҳокамалар жараёнида Ўзбекистон давлат спорт академиясининг хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасида таклифлар илгари сурилди.

Меҳмонлар пойтахтимизда барпо этилган “Олимпия шаҳарчаси” спорт объектлари, инфратузилмаси ҳамда спортчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Шунингдек, спорт таълими мутахассислари шу кунларда пойтахтимизда ўтказилаётган “Президент олимпиадаси” спорт мусобақалари жараёнларини бевосита кузатди.
Т.Рўзиев,
ЎзА