“Президент Олимпиадаси”: Иқтидорлар сараланмоқда, ўзбек спорти янги босқичга чиқмоқда
Ўзбек спортини янги босқичга олиб чиқувчи “Президент Олимпиадаси” мусобақаларида юз минглаб ёшлар қатнашиб, сараланмоқда. Иқтидорлилар терма жамоалар сафидан жой олиш имконига эга бўлмоқда.
Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, ёш авлодни жисмоний тарбия ва спортга тизимли жалб қилиш мақсадида ташкил этилган ушбу кенг кўламли спорт ҳаракати қисқа фурсатда чинакам иқтидорлар мактабига айланиб улгурди.
Мусобақаларнинг маҳалла, туман ва вилоят босқичларида миллионлаб ўғил-қизлар спортнинг бир қатор оммавий ва олимпия турлари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этмоқдалар. Энг муҳими, ушбу жараёнда чекка-чекка қишлоқ ва овуллардаги спорт тўгаракларида машғул бўлаётган, аммо шу пайтгача ўз иқтидорини кенг жамоатчиликка кўрсата олмаган ёш спортчилар юзага чиқмоқда. Уларнинг маҳорати тажрибали селекционерлар ҳамда миллий терма жамоалар мураббийлари томонидан алоҳида назоратга олинмоқда.
“Президент Олимпиадаси” доирасида саралаб олинган ёшлар ихтисослаштирилган спорт мактаблари, олимпия ва паралимпия захиралари коллежларига йўналтирилмоқда. У ерда улар учун замонавий меъёрлар асосида машғулотлар ўтказиш, халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган янги авлод чемпионларини тарбиялаш учун барча зарур шароитлар яратилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу мусобақа тизими ўзбек спортининг заҳира базасини тубдан янгилашга ва истиқболли олимпиячилар авлодини шакллантиришга хизмат қилади. Мусобақанинг республика босқичлари қизғин паллада давом этмоқда.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА