Пара таэквондо бўйича Ўзбекистон вакиллари 8 та медални қўлга киритди
Покистоннинг Лаҳор шаҳрида пара таэквондо бўйича «World Taekwondo President’s Cup – Asia» халқаро мусобақаси бўлиб ўтди.
15 мамлакатдан 100 нафарга яқин пара атлет иштирок этган нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллади.
Мусобақада юртдошларимиз орасида энг яхши натижани -52 килограмм вазн тоифасида Каромат Рустамова қайд этди. У барча рақибларини ортда қолдириб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Кумуш медаллар -47 килограмм вазнда Мадина Мусинова, -52 килограмм вазнда Умида Мамаражабова ҳамда -65 килограмм вазнда Зулфия Бикбулатовага насиб этди. Бронза медаллар эса -58 килограмм вазнда Фаёз Валижонов, -63 килограмм вазнда Қудрат Ҳайдаров ва Зуҳриддин Тоҳиров, +80 килограмм вазнда Умаржон Мўйдиновга тегишли бўлди.
Мусобақа якунида Каромат Рустамова нафақат олтин медаль, балки «Энг яхши аёл спортчи» номинациясида ғолибликни ҳам қўлга киритди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси 8 та медаль билан умумжамоа ҳисобида фахрли 3-ўринни эгаллади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА