Пресс-тур: “Ўзметкомбинат” АЖ меҳнат фахрийсига Президент совғаси топширилди (+видео)
1944 йилда ташкил этилган “Ўзметкомбинат” АЖ бугунги кунда мамлакатимиз металлургия саноатининг таянч корхоналаридан бири ҳисобланади. Қарийб саксон йиллик фаолияти давомида корхона юртимиз иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Айни пайтда комбинатда 5,5 минг нафардан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилиб, замонавий технологиялар асосида рақобатбардош металл маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда.
Корхонада ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, рақамли ечимларни жорий этиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ана шу жараёнлар, корхонада амалга оширилаётган ишлар ва истиқболли режалар билан яқиндан танишиш мақсадида жорий йилнинг 15 июль куни оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Ўзметкомбинат” АЖга пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир аввалида иштирокчилар комбинат музейига ташриф буюриб, корхонанинг ташкил топиш тарихи, босиб ўтган тараққиёт йўли ва бугунги ривожланиш босқичларини ўзида мужассам этган экспозициялар билан танишди. Шундан сўнг, “Ўзметкомбинат” АЖ бошқаруви раиси Баҳодир Абдуллаев ҳамроҳлигида комбинат ишчи-ходимларининг букилмас иродаси ва машаққатли меҳнатига бағишланган “Металлург” монументи зиёрат қилинди.
Монумент олдида Баҳодир Абдуллаев журналистларга комбинатнинг қарийб бир асрлик тарихи, мамлакат саноатидаги ўрни ҳамда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг 13 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрига ташрифи чоғида “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ташриф доирасида янги Қуюв-прокатлаш мажмуасини тантанали ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, мазкур замонавий мажмуа фаолиятига расман старт берди.
Ушбу мажмуа мамлакатимизда иссиқ прокатланган пўлат листлар ишлаб чиқариш бўйича биринчи йирик саноат лойиҳаси ҳисобланади. Унинг ишга туширилиши металлургия тармоғини янги босқичга олиб чиқиш, импорт ўрнини босиш, йилига 1 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватини яратиш, минглаб янги иш ўринларини ташкил этиш ҳамда энергия тежамкор ва рақамли технологияларни кенг жорий қилиш имконини беради.
Шунингдек, Президент томонидан комбинатни янада ривожлантириш, маҳаллий хомашё базасини мустаҳкамлаш ва ҳудудда “Ўзбекистон экологик технологиялар саноат парки”ни ташкил этиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилгани қайд этилди.
Президент ташрифидан икки кун ўтиб ташкил этилган пресс-тур давомида журналистлар ушбу вазифаларнинг амалий ижроси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Дастлаб иштирокчилар 2026 йилда ишга туширилган “Сунъий интеллект маркази” фаолияти билан танишди. Мазкур марказ комбинат таркибидаги барча ишлаб чиқариш объектларини реал вақт режимида кузатиш, таҳлил қилиш ва тезкор ахборот олиш имконини берувчи замонавий рақамли бошқарув тизими бўлиб, корхонада инновацион назорат механизмлари кенг жорий этилаётганидан далолат беради.
Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари янги Қуюв-прокатлаш мажмуаси билан танишди.
Мажмуа ҳақида сўз юритар экан, “Ўзметкомбинат” АЖ бошқаруви раиси Баҳодир Абдуллаев унинг мамлакат иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
– Давлатимиз раҳбари ушбу мажмуага ташриф буюриб, унинг фаолиятига старт берди. Бу воқеа нафақат комбинат, балки бутун Ўзбекистон саноати тарихида муҳим саҳифа бўлиб қолади. Мазкур мажмуа ишга тушгунга қадар иссиқ ҳолатда рулонланган пўлат листларга бўлган ички эҳтиёж тўлиқ импорт ҳисобидан қопланар эди. Ўтган йили бундай импорт ҳажми қарийб 1,5 миллион тоннани, қиймати эса 800 миллион долларни ташкил қилди. Энди эса ушбу маҳсулотлар мамлакатимизда ишлаб чиқарилиб, импорт ўрни босилади. Бу орқали 300 миллион доллардан ортиқ қўшимча қиймат яратилади ва 3 мингдан зиёд янги иш ўрни ташкил этилади. Фақат мажмуанинг ўзида 1200 та иш ўрни яратилди. Энг муҳими, маҳсулотларимиз юқори сифати ва рақобатбардошлиги билан ажралиб туради. Буни мижозларимизнинг ўзи эътироф этмоқда. Келгусида ушбу маҳсулотлар автомобилсозлик, вагонсозлик, энергетика ва бошқа стратегик тармоқларда кенг қўлланилади, – деди Б.Абдуллаев.
Пресс-тур давомида иштирокчилар нафақат ишлаб чиқариш қувватлари билан танишди, балки корхонанинг очиқлик сиёсати ва ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга қаратилган ташаббуслари ҳақида ҳам маълумот олди. Хусусан, “Ўзметкомбинат” АЖ бошқаруви раиси Баҳодир Абдуллаев ҳамда Ўзбекистон миллий медиа ассоциацияси бошқаруви раиси Одилжон Тожиев иштирокида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Учрашув якунида ахборот соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган англашув меморандуми имзоланди.
Иштирокчилар учун корхона фаоиляти билан танишув мазмунли ва таассуротларга бой бўлди. Айниқса, Президент эътирофига сазовор бўлган комбинат меҳнат фахрийси Ҳамид Андаев ҳамда “Зулфия” номидаги давлат мукофоти соҳиби, ёш мутахассис Дилноза Пиримқулова билан учрашув катта қизиқиш уйғотди. Суҳбат давомида улар ўзларининг меҳнат фаолияти, касбга бўлган садоқати, комбинат тараққиётидаги иштироки ҳамда мамлакатда инсон қадри ва меҳнатга берилаётган юксак эътибор ҳақида самимий фикрларини билдирди.
– “Зулфия” номидаги давлат мукофоти танловида ёшлигимдан иштирок этиб келганман. Бу мукофотга эришиш осон эмас, бунинг учун катта меҳнат, изланиш ва инсоннинг ўзи устида тинимсиз ишлаши талаб этилади. Президентимиз билан бўлган учрашув эса ҳаётимдаги энг унутилмас воқеалардан бири бўлди. Суҳбат давомида айтган икки оғиз гапимга ҳам алоҳида эътибор қаратганлари мен учун катта бахт ва юксак эътироф бўлди. Буни мен нафақат шахсий ютуғим, балки барча ёшлар учун берилган кучли мотивация, деб биламан. Президентимиз ҳар бир ҳаракат қилаётган, изланаётган ёш давлат эътиборида эканини яна бир бор намоён этдилар.
Ўша кунги ҳаяжонимни сўз билан ифода этиш қийин. Оддий бир қиз учун бир кун ичида ҳаёти бутунлай ўзгариши мумкинлигини ўз мисолимда ҳис этдим. Энди эса ўз олдимга янада юксак мақсадлар қўйганман. Бу мукофот мен учун сўнгги манзил эмас, балки янги марраларнинг бошланиши. Ўз устимда янада кўпроқ ишлайман, хорижий тилларни ўрганаман ва янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган мутахассислардан бири бўлишга интиламан. Келгусида ҳам меҳнатим ва изланишларим билан Президентимиз ишончини оқлашга ҳаракат қиламан, – деди Д.Пиримқулова.
Пресс-тур иштирокчилари учун комбинат меҳнат фахрийси Ҳамид Андаев билан учрашув энг ёрқин ва унутилмас лаҳзалардан бирига айланди. Айниқса, шу куни “Ўзметкомбинат” АЖ бошқаруви раиси Баҳодир Абдуллаев томонидан Президентимиз совға қилган “BYD” автомобилининг тантанали равишда Ҳамид отага топширилиши тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлади.
Ҳамид Андаев 1955 йилда Металлургия комбинатида (ҳозирги “Ўзметкомбинат” АЖ) меҳнат фаолиятини бошлаган. У 48 йил давомида корхонада самарали меҳнат қилиб, 2003 йилда нафақага чиққан. Касбига бўлган садоқати ва кўп йиллик фидокорона меҳнати юксак эътироф этилиб, жорий йилнинг 13 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан унга “BYD” русумли автомобиль совға қилинди.
–Комбинатдаги бугунги ўзгаришларни аввалги йиллар билан қиёслаб бўлмайди. Мен иш бошлаган даврларда ишлаб чиқариш жараёнлари бутунлай бошқача эди. Ўша вақтларда мазутда ишлардик, цехлардаги шовқин жуда қаттиқ бўлар, ҳатто қулоққа оғир таъсир қиларди. Бугун эса технологиялар ҳам, меҳнат шароитлари ҳам тубдан ўзгарган. Комбинат замонавий қиёфа касб этганини кўриб хурсанд бўлдим.
Президентимиз билан учрашув мен учун катта ҳаяжон ва унутилмас воқеа бўлди. Давлатимиз раҳбари мени самимий табриклаб, ҳол-аҳволимни сўрадилар. “Ҳали касал бўлманг, олдинда қиладиган ишларингиз кўп. Сиз ҳали ҳам мамлакатимиз ривожига ҳисса қўшасиз”, деган илиқ сўзлари мен учун катта эътибор ва эътироф бўлди. Бу меҳнатимизга берилган юксак баҳо сифатида қалбимда абадий сақланади, – дея қувончини яшира олмади отахон.
Пресс-тур сўнгида иштирокчилар 2021 йилдан буён фаолият юритиб келаётган “Металлург” футбол академияси фаолияти билан ҳам танишди. Ўзбек миллий футболи учун иқтидорли ёшларни тайёрлашга ихтисослашган мазкур академия замонавий инфратузилмаси ва халқаро стандартларга мос шароитлари билан ажралиб туради.
Якунда “Ўзметкомбинат” АЖ бошқаруви раиси Баҳодир Абдуллаев журналистлар билан мулоқот қилиб, ОАВ вакиллари саволларига атрофлича жавоб қайтарди.
Мухтасар айтганда, пресс-тур иштирокчилари “Ўзметкомбинат” АЖнинг бугунги фаолияти, замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, рақамли ечимлар, меҳнат жамоаси ва корхонанинг келгуси ривожланиш режалари ҳақида кенг тасаввурга эга бўлди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/p1mHZoCZtrY?si=-Apz8abVOfTDFtI4" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Давронов,
Анвархўжа Аҳмедов (видео+монтаж),
ЎзА