Агродронлар имкониятлари намойиш этилди
Боёвут туманининг Анорзор маҳалласида жойлашган Сирдарё вилояти Агрохизматлар марказида қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, агродронлардан самарали фойдаланиш ва замонавий агрохизматларни ривожлантириш масалаларига бағишланган ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда соҳа мутахассислари, фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрокластерлар раҳбарлари ҳамда масъул ташкилотлар вакиллари иштирок этишди. Семинар давомида агродронларнинг қишлоқ хўжалигидаги имкониятлари амалий намойишлар орқали кўрсатилди ҳамда иштирокчилар замонавий технологияларни қўллашнинг афзалликлари билан яқиндан танишдилар.

Хусусан, дронлар ёрдамида экин майдонларини мониторинг қилиш, уруғ сепиш, минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини аниқ меъёрларда қўллаш, шунингдек, касаллик ва зараркунандаларни эрта аниқлаш ҳамда уларга қарши тезкор чоралар кўриш имкониятлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Таъкидланганидек, бундай технологиялар вақт ва ресурсларни тежаш, меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулот таннархини камайтириш ҳамда ҳосилдорликни юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Семинарда мамлакатимизда агросоҳани рақамлаштириш ва инновацион технологияларни кенг жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 12 августдаги «Қишлоқ хўжалиги соҳасига замонавий технологияларни жорий этишни янада жадаллаштириш орқали самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони асосида ташкил этилган «Drone Service» корхонаси томонидан қишлоқ хўжалигида дрон технологиялари асосидаги замонавий агрохизматлар кенг жорий этилмоқда.

Айни пайтда корхона томонидан Хитойнинг DJI компаниясида ишлаб чиқарилган 54 та замонавий агродрондан фойдаланилмоқда. Хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида 30 та махсус автомобиль харид қилинган. Шунингдек, корхона таркибида DJI Academyнинг Ўзбекистондаги филиали ташкил этилиб, унда халқаро стандартлар асосида дрон операторлари тайёрланмоқда.

Бугунги кунга қадар «Drone Service» томонидан Тошкент, Қашқадарё, Хоразм, Сирдарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида уруғ сепиш, экинларни озиқлантириш, бегона ўтлар, касаллик ва зараркунандаларга қарши ишлов бериш каби қатор агротехник хизматлар кўрсатилди.

— Бугун қишлоқ хўжалигида рақамли технологияларни кенг жорий этиш давр талаби ҳисобланади. Агродронлар агротехник тадбирларни қисқа муддатда, юқори аниқлик ва тежамкорлик билан амалга ошириш имконини беради. Бу эса сув, ўғит ва бошқа ресурслардан оқилона фойдаланиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ҳамда ҳосилдорликни юксалтиришга хизмат қилади. Бугунги семинар давомида фермерлар ва соҳа мутахассисларига агродронларнинг амалий имкониятлари намойиш этилди, уларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Бу каби тадбирлар замонавий технологияларни амалиётга кенг жорий этиш, агрохизматлар сифатини янада ошириш ва соҳада инновацион ёндашувларни оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этади, — дейди Сирдарё вилояти Агрохизматлар маркази раҳбари Иноят Туробов.

Семинар якунида иштирокчилар агродронлардан самарали фойдаланиш қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидладилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири