Пискентда KOICA билан ҳамкорликда "ақлли" кўчатхона ишга туширилди
Ўзбекистонда "Яшил макон" лойиҳаси экологик муаммоларга қарши курашда муҳим ўрин тутади. Тошкент вилоятида Жанубий Корея билан ҳамкорликда ишга тушган "ақлли" кўчатхона сифатли кўчат етиштириш ва атроф-муҳитни яхшилашга хизмат қилади.
Бугун республикамизда ёғингарчиликнинг камлиги ҳавода зарарли микро зарраларнинг кўпайишига, пировардида аҳоли саломатлиги ёмонлашишига сабаб бўлмоқда. Бу муаммога қарши курашда энг мақбул ечим – яшиллик оламини кенгайтириш.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2021 йил ноябрда бошланган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси айнан шу мақсадларга қаратилган. Унинг доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатлари экилмоқда. Бу кенг кўламли ташаббусни амалга ошириш учун кўчат етиштиришнинг самарали тизими зарур. Шу боис, бугун барча ҳудудларда кўчатхоналар ташкил этилиб, тупроқ ва иқлим шароитимизга мос манзарали ва мевали кўчатлар кўпайтирилмоқда.
Мамлакатимизнинг ушбу эзгу саъй-ҳаракатларини дунё ҳамжамияти катта қизиқиш билан кузатмоқда. Хорижий ҳамкорлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшиш мақсадида юртимизда турли лойиҳаларни татбиқ этишмоқда. Жумладан, Тошкент вилоятининг Пискент туманида Экология қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (КОICА) Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Ақлли” технологиялар асосида кўчатхона лойиҳасининг иш бошлагани бунга яққол мисолдир.
Замонавий кўчатхоналарни фойдаланишга топшириш тадбирида Ўрмон агентлиги директори ўринбосари Ғолибжон Қурбонов, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён, Экология қўмитаси ва Ўрмон хўжалиги агентлиги масъуллари, КОICА экспертлари, Пискент туман ҳокимлиги мутасаддилари, вилоятдаги ҳудудий давлат ўрмон хўжаликлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
— Кейинги йилларда мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан янги ўрмонлар барпо этиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш борасида эътирофли ишлар амалга оширилмоқда, — деди Ўрмон хўжалиги агентлиги директори ўринбосари Ғолибжон Қурбонов. — Яқинда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида бир йилда миллионлаб сифатли кўчат етиштириш имкониятига эга замонавий кўчатчилик маркази иш бошлади. Жорий йилда Андижонда ҳам умумий майдони 5,5 гектар бўлган ақлли кўчатхоналар мажмуаси барпо этилди. Мазкур кўчатхоналар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Бугун Тошкент вилоятининг Пискент туманида фойдаланишга топширилаётган ушбу ақлли кўчатхона ҳам хайрли ташаббусларнинг узвий давомидир.
Тадбир давомида бу ерда бунёд этилган ақлли кўчатхоналар мажмуининг рамзий эсдалик тоши тантанали очилди. Меҳмонлар мажмуа ҳудудига эсдалик учун манзарали дарахт кўчатларини экишди. Шундан сўнг, иштирокчилар кўчатхона фаолияти ва инфратузилмаси билан яқиндан танишди. КОICА компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳа 2024–2028 йилларга мўлжалланган бўлиб, унинг умумий қиймати 7,7 млн АҚШ долларини ташкил этади. Тошкент вилояти кўчатчиликка ихтисослашган давлат ўрмон хўжалигининг “Дўнгқўрғон” бўлимида барпо этилган мазкур мажмуа 14 та смарт иссиқхонадан иборат. Унинг умумий майдони 7 гектар. Иссиқхоналар иқлимга мос сифатли кўчатлар етиштиришга мўлжалланган автоматлаштирилган ички муҳитни доимий мониторинг қилиш ускуналари билан жиҳозланган.
Лойиҳа доирасида маҳаллий иқлимга мос кўчатлар етиштириш, уларни пайванд қилиш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш бўйича ўқув-семинарлар ташкил этилади. Шунингдек, лойиҳанинг амалга оширилиши ўрмон хўжалигида мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланиш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда турли хил дарахт ва бута турларини кўпайтириш имкониятини кенгайтиради. Ушбу замонавий кўчатхона ўрмон хўжаликларига сифатли кўчатлар етказиб бериш, республика ҳудудларида янги яшил ҳудудлар ташкил этиш, ўрмонлар барпо этиш ва қайта тиклаш ҳамда қурғоқчил ҳудудларда чўлланишнинг олдини олишга хизмат қилади.
Санжар Тошпўлатов,
Дониёр Якубов (видео),
Улуғбек Тўхтаев (монтаж),
ЎзА