Мушак дистрофияларини ташхислаш ва даволаш ҳамкорликда
Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида хорижлик мутахассислар иштирокида амалий семинар ўтказилди.
Семинарда Франция Миология институти (Institut de Myologie) илмий кенгаши аъзоси, Париж миология ёзги мактаби раҳбари Антони Уртизбереа, Бельгиянинг Льеж университети илмий ходими, Сен-Люк университет клиникаси ва Эразм университети шифохонасининг шифокори Карлье Пьер, Россиянинг академик Н.П. Бочков номидаги тиббий-генетик илмий маркази илмий ходими Айсилу Муртазина ҳамда маҳаллий мутахассислар томонидан мушак дистрофияларини ташхислаш ва даволаш бўйича маърузалар ўқилди.
Хорижлик мутахассислар томонидан мушак дистрофияси аниқланган ўнга яқин бола текширувдан ўтказилди.
– Ирсий (генетик) касалликларни эрта босқичларда аниқлаш даволаш ишлари самарадорлигини таъминлайди, – дейди нерв-мушак касалликларини ўрганиш ва даволаш соҳасидаги етакчи халқаро эксперт Антони Уртизбереа. – Генетик касалликлар одатда ташқи омиллар таъсирида юзага келмайди. Аксарият ҳолларда улар ирсият ёки тасодифан юз бериши мумкин бўлган табиий генетик ўзгаришлар билан боғлиқ. Шунинг учун инсон соғлиғида бундай касаллик борлигида ҳеч ким айбдор эмас. Генетик бузилишлари бўлган кишилар ўз ҳолатидан уялмасликлари ёки уни яширмасликлари керак. Улар тиббиёт муассасаларига мурожаат қилиш, аниқ ташхис ва баъзи ҳолларда зарур даволаш муолажаларини олиш имкониятига эга бўлишлари лозим. Генетик касалликлар дунёдаги барча мамлакатларда учрайди. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, аҳолининг тахминан 1-2 фоизида у ёки бу генетик бузилишлар бўлиши мумкин. Ўзбекистон аҳолисида учрайдиган генетик касалликларнинг айримлари нисбатан енгил кечса, бошқалари оғир бўлиши ҳамда беморлар, уларнинг оилалари учун жиддий оқибатларга олиб келиши кузатилган. Айнан шунинг учун генетик маслаҳат бериш жуда муҳим.
[gallery-32238]
Тиббий текширувлардан сўнг самарқандлик мутахассислар учун мушак дистрофияларини ташхислаш ва даволаш бўйича маҳорат дарси ўтказилди. Хорижлик мутахассислар мушак дистрофиясини ташхислаш ва даволашнинг замонавий усуллари бўйича тўплаган тажрибалари асосида самарқандлик шифокорларга тавсия ва маслаҳатлар бериб, ушбу хасталик аниқланган беморларда муолажаларни самарали ўтказишни ўргатишди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари