PISA 2025: Халқаро баҳолаш дастури натижалари қандай бўлди?
2026 йил 8 сентябрь куни Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида «PISA 2025: Халқаро баҳолаш дастури натижалари» мавзусида форум ташкил этилди.
Форумда Ўзбекистоннинг PISA 2025 тадқиқотидаги асосий натижаларини холис ва методологик жиҳатдан тўғри тақдим этиш, PISA 2022 ва PISA 2025 натижалари динамикасини таҳлил қилиш, халқаро қиёслар, компетенциялар даражаси ҳамда таълим натижаларига таъсир кўрсатувчи омиллар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистондаги табиий-илмий, ҳудудий ва ижтимоий тафовутлар, мактаблар кесимидаги фарқлар, таълимда тенглик ва имкониятлар, ўқитувчи кўмаги, ўқув муҳити ҳамда мактаб бошқаруви билан боғлиқ омиллар юзасидан таҳлилий маълумотлар тақдим этилди.
Форум доирасида PISA 2025 тадқиқотининг глобал манзараси ва натижаларини талқин қилиш, Ўзбекистоннинг асосий миллий натижалари, PISA 2022–2025 динамикаси, тенглик ва таълим мазмунига оид омиллар бўйича тақдимотлар ўтказилди. Шунингдек, «Натижалардан амалий ҳаракатларга» мавзусида юқори даражадаги панель муҳокамаси ташкил этилди.
Муҳокамалар давомида PISA натижаларидан ўқув дастурларини такомиллаштириш, баҳолаш тизимини ривожлантириш, педагогларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш, мактаб бошқаруви самарадорлигини ошириш ҳамда ҳар бир ўқувчи учун сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтиришда самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги 2019 йил 29 апрелдаги фармони билан 2030 йилга қадар PISA халқаро баҳолаш дастурида жаҳоннинг илғор 30 та мамлакати қаторига кириш ҳамда халқаро баҳолаш дастурларида узлуксиз иштирок этиш мақсадлари белгилаб берилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги фармонида мактаб таълими сифатини ошириш, халқаро баҳолаш дастурларида иштирокни давом эттириш ва таълим натижаларини халқаро мезонлар асосида таҳлил қилиш бўйича тегишли вазифалар белгиланган.
Уларни амалга ошириш доирасида 2023 йил 1 декабрда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) ўртасида Ўзбекистоннинг PISA 2025 халқаро тадқиқотида иштирок этиши бўйича шартнома имзоланди.
Ўзбекистон PISA халқаро тадқиқотида илк бор 2022 йилда иштирок этди. Мазкур иштирок орқали мамлакатимиздаги 15 ёшли ўқувчиларнинг билим ва кўникмалари илк бор кенг халқаро қиёсий мезонлар асосида баҳоланди. Ўзбекистоннинг PISA 2025 тадқиқотида иккинчи бор иштирок этиши эса таълим тизимида ўтган давр мобайнида амалга оширилган ислоҳотлар ва ўзгаришлар динамикасини кузатиш, натижаларни қиёслаш ҳамда кейинги устувор вазифаларни белгилаш имконини берди.
– Ушбу тадқиқотда 2025 йилда 91 та мамлакат ва иқтисодиёт иштирок этган бўлса, табиий фанлар йўналиши бўйича Ўзбекистон энг яхши натижа кўрсатган 70 та давлат қаторига кирди, – деди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ўқувчилар билимини баҳолаш, таҳлил қилиш ва апробация ўтказиш бош маркази бошлиғи ўринбосари, PISA тадқиқотининг етакчи таҳлилчиси Қодиржон Каримбеков. – Бу, албатта, сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси ҳисобланади. Шунингдек, 91 та давлатнинг иштирок этиши натижаларимизни халқаро миқёсда қиёслаш, Ўзбекистон ўқувчи-ёшларининг билим ва кўникмалари салоҳиятини намоён этиш имконини беради.
– Айтиш керак бўлган энг муҳим жиҳат шуки, дунёда табиий фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичлари ўртача ҳисобда пасайиб бораётган бир пайтда, Ўзбекистон жуда муҳим ўсишни намойиш этди. Бир неча йил ичида натижа тахминан 350 баллдан 438 баллгача кўтарилди, – деди Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (OECD) Таълим ва кўникмалар дирекциясининг Эрта ёшдаги таълим ва мактаблар бўлими раҳбари Юри Белфали. – Натижанинг 83 баллга яхшиланиши PISA иштирокчиси бўлган мамлакатлар орасида кузатилган энг сезиларли ўсишлардан биридир. Бу ҳақиқатан ҳам ажойиб ютуқ бўлиб, у ўқитувчилар томонидан амалга оширилган муҳим ишлар, мактабларда яратилган имкониятлар ва ҳукумат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш самарасини акс эттиради. Энг муҳими, бу натижа ўқувчиларнинг ўқишга бўлган қизиқиши, билим олиш ва янада юқори натижаларга эришишга бўлган интилишини кўрсатади. Ўзбекистондаги ўқувчиларни ҳамда ушбу муваффақиятни қўллаб-қувватлаган сифатли таълим соҳасидаги барча ҳамкорларни табриклайман!
Дарҳақиқат, PISA 2025 тадқиқотида 91 та мамлакат ва иқтисодиётдан 760 мингдан ортиқ 15 ёшли ўқувчи иштирок этди. Ўзбекистонда эса 2025 йил апрель-май ойларида PISA 2025 халқаро тадқиқотининг асосий босқичи ўтказилди. Халқаро танланма асосида мамлакатимизнинг 233 та мактабида таҳсил олаётган 8652 нафар 15 ёшли ўқувчи тадқиқотда иштирок этди.
PISA 2025 циклида табиий-илмий саводхонлик асосий йўналиш сифатида, математика ва ўқиш саводхонлиги эса қўшимча йўналишлар сифатида баҳоланди. Шу билан бирга, мазкур циклда ўқувчиларнинг рақамли воситалардан фойдаланган ҳолда билим олиши, маълумотларни таҳлил қилиши ва муаммоларни ҳал этиш қобилиятларини ўрганувчи «Рақамли дунёда ўрганиш» инновацион йўналиши ҳам киритилди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, халқаро тадқиқотларда иштирок этишдан кўзланган асосий мақсад мамлакатларнинг фақат рейтингдаги ўрнини аниқлашдан иборат эмас. Энг аввало, бу орқали таълим тизимининг мавжуд ҳолатини холис баҳолаш, натижаларни халқаро миқёсда қиёслаш, эришилган ютуқлар билан бир қаторда ривожлантириш зарур бўлган йўналишларни аниқлаш ҳамда келгуси йиллар учун далилларга асосланган стратегик қарорлар қабул қилиш кўзда тутилади.
Форум якунлари PISA 2025 натижалари бўйича миллий ҳисоботни тайёрлаш, ҳудудларда профессионал мулоқот ва семинарлар ташкил этиш, натижаларни мактаблар даражасида муҳокама қилиш ҳамда аниқланган устувор йўналишлар бўйича тегишли чора-тадбирларни белгилаш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг навбатдаги PISA 2029 халқаро тадқиқотига тайёргарлиги бўйича устувор вазифалар ва кейинги қадамларни белгилаш ҳам назарда тутилган.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири