Ёнғинга қарши ҳаракатлар синовдан ўтди
Пахта мавсумида хавфсизлик талабларига риоя этиш – бир кунлик вазифа эмас. Айниқса, пахта қабул қилиш ва қайта ишлаш корхоналарида ёнғин хавфининг олдини олиш, фавқулодда ҳолат юзага келганда эса ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланиш муҳим.
Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги “Миллий оқ олтин” масъулияти чекланган жамиятининг пахтани қабул қилиш ва қайта ишлаш заводида ўтказилган махсус-тактик ўқув машқи ана шу талабларни амалиётда синашга қаратилди.
Тадбирда туман фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Ўқув машқи давомида шартли фавқулодда вазиятга жавоб қайтариш, куч ва воситаларни тезкор сафарбар этиш, масъул тузилмалар ўртасида ҳамжиҳатликни таъминлаш бўйича ҳаракатлар амалда синовдан ўтказилди.


Зеро, ёнғин билан курашда унинг оқибатини бартараф этишдан кўра, хавфни олдиндан кўра билиш ва зарур чорани ўз вақтида кўриш самаралироқдир.
Шу нуқтаи назардан, машғулотлар давомида пахта ғарамларида ёнғин келиб чиқиши эҳтимолида амалга ошириладиган ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди. Корхона ишчи-хизматчиларининг фавқулодда вазият ҳақида хабар бериш, хавфсиз ҳудудга чиқиш, одамларни эвакуация қилиш ва дастлабки ёнғин хавфсизлиги чораларини кўриш бўйича билим ва кўникмалари ҳам текширилди.


Машқнинг яна бир муҳим жиҳати турли хизматларнинг бир мақсад йўлида қанчалик тез ва аниқ ҳаракат қила олиши аниқланганидир. Чунки фавқулодда вазиятда бир тузилманинг ҳаракати иккинчисини тўлдирмаса, энг пухта режа ҳам кутилган натижани бермаслиги мумкин.
Ўқув машқи якунида аниқланган камчиликлар очиқ таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан масъулларга зарур кўрсатма ва амалий тавсиялар берилди. Бу эса машғулотни шунчаки шартли синов эмас, балки кейинги ишларни такомиллаштириш учун амалий сабоққа айлантирди.

Бундай тадбирларнинг аҳамияти шундаки, фавқулодда вазиятлар билан боғлиқ ҳар қандай хавфга тайёргарлик, ўтказилган машқдаги ҳар бир ҳаракат, ҳар бир синов эртага инсон ҳаёти, корхона мол-мулки ва меҳнат жараёнини асраб қолишда ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири