Пентагон Европадаги ҳарбий иштирокини қайта кўриб чиқмоқда
Қўшма Штатлар Европада жойлаштирилган ҳарбий кучлари бўйича кенг қамровли таҳлилни бошлади. Вашингтон бу қадам орқали НАТОда масъулият тақсимотини ўзгартиришни мақсад қилганини билдирди. Расмийларга кўра, келгусида қитъа хавфсизлиги учун асосий юкни Европа давлатлари ўз зиммасига олиши лозим.
АҚШ мудофаа вазири ўринбосари Элбридж Колбининг таъкидлашича, ўрганиш натижалари НАТОни янада барқарор ва тенг ҳуқуқли тузилмага айлантириши кутилмоқда. Аввалроқ, Пентагон раҳбари Пит Хегсет ҳам шундай режа ҳақида маълум қилган эди. Унинг фикрича, айрим давлатлар мудофаа соҳасидаги мажбуриятларини тўлиқ бажарса, бошқалари белгиланган талабларга жавоб бера олмайди.
Сўнгги ойларда Оқ уй Европа давлатларини мудофаа харажатлари ва ташқи хавфларга муносабати учун бир неча бор танқид қилди. Айниқса, Эрон атрофидаги можаро вақтида айрим мамлакатлар Америка кучларига ўз ҳарбий базаларидан фойдаланишга рухсат бермагани кескин баҳсларга сабаб бўлди. Шу билан бирга, Вашингтон мудофаа харажатлари оширилмаса, альянсга ажратиладиган молиявий ҳиссани камайтириши мумкинлигини ҳам билдирган.
Европа пойтахтларида бу қарор кутилмаган янгилик бўлмади. Германия канцлери Фридрих Мерц қитъа хавфсизлиги учун Европа давлатлари кўпроқ масъулият олиши зарурлигини айтди. Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ҳамда НАТО бош котиби Марк Рютте эса альянс келажакда Америкага камроқ, Европа имкониятларига эса кўпроқ таяниши кераклигини таъкидлади.
Мусулмон Зиё, ЎзА