Пентагон эҳтимолий ҳарбий можароларга тайёргарликни кучайтирмоқда
АҚШ Мудофаа вазирлиги мамлакатдаги йирик ҳарбий базаларни ташқи таъминот тизимларидан мустақил равишда камида 90 кун фаолият юритишга тайёрламоқда. Бу ҳақда “Anadolu” ахборот агентлиги хабар берди.
Таъкидланишича, “FORTRESS” номли ташаббус йирик ҳарбий можаролар ёки энергетика инфратузилмасидаги узилишлар шароитида қуролли кучларнинг жанговар шайлигини сақлаб қолишга қаратилган.
Дастур доирасида ҳарбий объектларни уч ой давомида электр энергияси, сув, ёқилғи ва алоқа воситалари билан мустақил таъминлаш режалаштирилмоқда. Шу мақсадда мобил ядро реакторлари, энергия сақлаш тизимлари ва автоном электр тармоқларидан фойдаланиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Пентагон фавқулодда вазиятларда фуқаролик корхоналарини мудофаа маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мослаштириш, муқобил таъминот занжирларини шакллантириш ва стратегик захираларни кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Пентагон вакили Шон Парнеллнинг айтишича, мазкур чоралар миллий мудофаа тизимининг фуқаролик инфратузилмасига қарамлигини камайтиришга хизмат қилади. У бундай тайёргарликни ўлка хавфсизлиги учун ўзига хос “суғурта полиси” деб атаган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА