Пенсия тизимида қандай янгиликлар кутилмоқда? – Мутахассис жавоб берди
Иқтисодиёт ва молия вазири матбуот котиби, ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Равшана Умарова иштирокида пенсия тизимини такомиллаштириш бўйича брифинг ўтказилди.
Брифингда Ўзбекистонда пенсия тизимини босқичма-босқич такомиллаштириш, фуқароларнинг пенсия таъминотини кучайтириш ва тизимнинг молиявий барқарорлигини таъминлашга қаратилган таклифлар маълум қилинди.
Айни пайтда пенсия ҳисоблашда асосан охирги 10 йилдаги кетма-кет 5 йиллик иш ҳақи инобатга олинади. Иш ҳақининг ҳисобга олинадиган юқори чегараси 6 миллион сўмни ташкил этади. Шунингдек, фуқароларнинг иш стажи ва иш ҳақига оид маълумотлар тўлиқ рақамлаштирилмаган.
Жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳам фуқаролар иштироки етарли даражада эмас. Ўзини ўзи банд қилган 5,9 миллион нафар фуқаронинг 860 минг нафари ижтимоий солиқ тўлаган.
Демографик ўзгаришлар ҳам пенсия тизимига таъсир кўрсатмоқда. 2025 йилда пенсионерларнинг аҳоли сонидаги улуши 11,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2040 йилга бориб бу кўрсаткич 15 фоизга етиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича бир қатор таклифлар ишлаб чиқилган. Аввало, 2027-2028 йилларда Пенсия жамғармасининг барча хизматларини электрон ва проактив шаклга ўтказиш, сунъий интеллект, автоматлаштирилган колл-марказ ва "Пенсия" мобил иловасини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу орқали фуқаролар ўз иш стажи, тўлаган ижтимоий солиғи ва кутилаётган пенсия миқдори ҳақида ягона тизим орқали маълумот олиш имконига эга бўлади.
Пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақи даврини амалдаги 5 йилдан босқичма-босқич 20 йилгача ошириш таклиф этилмоқда. 2028 йилдан иш ҳақининг ҳисобга олинадиган юқори чегарасини 6 миллион сўмдан 6,6 миллион сўмгача ошириш режалаштирилган.
Жамғариб бориладиган пенсия тизимида кам даромадли фуқароларни рағбатлантириш мақсадида уларнинг ихтиёрий бадалларининг 50 фоизигача қисми давлат томонидан қўшимча қопланиши таклиф этилмоқда. Шунингдек, хусусий ва корпоратив пенсия жамғармаларини ташкил этиш учун ҳуқуқий асос яратилади.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ижтимоий солиқни мажбурий тўлаш тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бунда йиллик 440 минг сўмлик тўловни ойма-ой амалга ошириш имконияти берилади. Бу орқали уларга иш стажи, келгусида пенсия олиш ҳуқуқи ҳамда айрим ижтимоий нафақалардан фойдаланиш имконияти яратилади.
Пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган минимал иш стажини 2027 йилдан бошлаб ҳар йили бир йилдан ошириш ва 2034 йилда 15 йилга етказиш таклиф этилмоқда. Етарли стажга эга бўлмаган фуқаролар учун амалдаги тартибда ёшга доир нафақа олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.
Шунингдек, пенсия ёшини 2028 йилдан босқичма-босқич ўзгартириш таклиф этилмоқда. Унга кўра, 2039 йилга бориб эркаклар учун пенсия ёши 63 ёшга, аёллар учун 58 ёшга етказилади. Кечроқ пенсияга чиқиб, меҳнат фаолиятини давом эттираётган фуқароларни рағбатлантириш механизмлари ҳам жорий этилади.
Алоҳида таъкидланганидек, ҳозирда пенсия ва нафақа олаётган фуқароларга тайинланган пенсиялар қайта кўриб чиқилмайди ва уларнинг тўловлари камайтирилмайди.
Таклиф этилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади пенсия миқдорини қисқартириш эмас, балки фуқаронинг бутун меҳнат фаолияти, иш стажи, расмий даромади ва тўлаган ижтимоий солиғини ҳисобга оладиган адолатли ва барқарор пенсия тизимини шакллантиришдан иборат.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА