Пекиндаги учрашув: Хитой – АҚШ муносабатларида янги босқич
Кеча бошланган АҚШ Президентининг Хитойга давлат ташрифи халқаро сиёсий кун тартибидаги энг муҳим воқеалардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Сўнгги тўққиз йил ичида АҚШ Президентининг Хитойга илк давлат ташрифи ҳисобланган ушбу учрашув жаҳон ҳамжамияти диққат марказида турибди. Чунки Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар бугунги глобал иқтисодий тизим, хавфсизлик муҳити ҳамда халқаро сиёсий мувозанатга бевосита таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан бири саналади.
Мутахассислар фикрича, давлат раҳбарлари дипломатияси икки томонлама муносабатларда “барқарорлаштирувчи омил” вазифасини бажаради. Пекинда бўлиб ўтадиган навбатдаги мулоқот ҳам сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, мавжуд келишмовчиликларни назорат қилиш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Айниқса, савдо-иқтисодий йўналишдаги музокаралар муҳим аҳамият касб этяпти. Хитой ва АҚШ дунёнинг икки йирик иқтисоди сифатида глобал бозорлар барқарорлигига катта таъсир кўрсатади. Шу боис томонлар иқтисодий ҳамкорликни “барқарорлик таянчи” сифатида баҳоламоқда. Кузатувчилар фикрича, Пекиндаги учрашув якунида савдо, инвестиция ва юқори технологиялар соҳасида муайян келишувларга эришилиши мумкин.
Шу билан бирга, Тайвань масаласи музокараларнинг энг сезгир мавзуларидан бири бўлиб қолмоқда. Хитой томони ушбу масала мамлакатнинг асосий манфаатлари ва ҳудудий яхлитлиги билан боғлиқ эканини қатъий таъкидлаб келмоқда. Расмий Пекин АҚШни “Ягона Хитой” тамойилига амал қилишга чақирмоқда.
Таҳлилчиларнинг қайд этишича, Яқин Шарқдаги вазият, хусусан, Эрон атрофидаги кескинлик ҳам давлат раҳбарлари диққат марказида бўлади. Глобал энергетика хавфсизлиги ва халқаро транспорт йўлаклари барқарорлиги нуқтаи назаридан мазкур масала юзасидан мулоқот муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги кунда Хитойнинг ташқи сиёсатдаги фаоллиги ва иқтисодий салоҳияти тобора ортиб бораётгани халқаро муносабатларда янги тенденцияларни шакллантирмоқда. Бу жараёнда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этаётир.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Давлат раҳбарларининг мунтазам мулоқотлари натижасида савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, “яшил” энергетика ва саноат кооперацияси йўналишларида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ва инвестиция ҳамкорларидан бирига айланди.
Шу маънода, Пекиндаги Хитой – АҚШ саммити нафақат икки давлат муносабатлари, балки халқаро иқтисодий муҳит ва минтақавий барқарорликка ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Ўзбекистон каби очиқ ва прагматик ташқи сиёсат юритаётган давлатлар учун эса дунёдаги етакчи мамлакатлар ўртасидаги мулоқот ва барқарор ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга.
Нилуфар Бозорова, ЎзА