Транспорт соҳасидаги жиноятлар бўйича 97 та жиноят иши қўзғатилди
Транспорт соҳасида қонунийликни таъминлаш, давлат маблағларидан самарали фойдаланиш ва қонунбузилишларнинг олдини олиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокурорининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта ёрдамчиси Ҳулкар Мансурова бу борада қуйидагиларни гапириб берди:
– Транспорт инфратузилмасидаги қурилиш ишлари, инвестиция лойиҳалари ва бюджет маблағларидан фойдаланиш прокурор назоратининг муҳим йўналишларидан.
Мазкур йўналишда жорий йил ўтган даврида 3 минг 350 та прокурор назорати ҳужжати қўлланилиб, жиддий қонунбузилишлар юзасидан 97 та жиноят иши қўзғатилди. Ўтказилган 317 та назорат тадбири натижасида 345 та тақдимнома киритилди, 894 та қарор қабул қилинди ва 616 та огоҳлантириш қўлланилди.
Транспорт прокуратурасининг қурилиш штаби томонидан давлат дастурларига киритилган, жорий йилда қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланадиган 37 та объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ўрганилди. Натижада 544,2 миллиард сўмлик ортиқча харажатнинг олди олинди.
2026 йилги «Ташаббусли бюджет»нинг биринчи мавсумида 945 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, 2 минг 501 километр ички йўлни қуриш ва таъмирлаш учун 1 триллион 494 миллиард сўм ажратилди.
Барча объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, экспертиза хулосалари олинди ва пудратчилар аниқланди. Ҳозирга қадар 821 та объект фойдаланишга топширилди, қолган 124 тасида қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда.
Транспорт штаби ташаббуси билан фойдаланишга топширилмаган 52 та объект бўйича буюртмачилар томонидан судларга 5,9 миллиард сўмлик жарима қўллаш ҳақида даъво аризалари киритилиши таъминланди. Дастур доирасида 61 миллиард 567 миллион сўмнинг ортиқча сарфланишига йўл қўйилмади.
Ҳисобот даврида инвестиция лойиҳалари бўйича 743,5 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, режа 106 фоизга бажарилди.
Тадбиркорлар билан учрашув ва сайёр қабулларда 75 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 41 таси жойида ҳал этилди, 25 таси қаноатлантирилди. Қолганлари тегишли тартибда кўриб чиқиш учун юборилди ёки назоратга олинди.
Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, зарарни қоплаш ҳамда бузилган ҳуқуқларни тиклашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Транспорт прокуратурасининг назорат ҳудудида жиноятлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоизга камайди. Жиноятлар оқибатида етказилган 62 миллиард 711 миллион сўмлик зарар ундирилди.
Темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ички ишлар вазирлигининг Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти билан ҳамкорликда рейдлар ўтказилмоқда. Рейдларда 23 минг 517 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, 1 миллиард 661 миллион 296 минг сўм жарима тайинланди.
Прокурор назорати соҳасида 351 текшириш ўтказилиб, 3 минг 546 та прокурор назорати ҳужжати қўлланилди. Натижада 655 нафар шахс интизомий, 643 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. 1 минг 67 нафар фуқаро ва 62 та юридик шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Транспорт прокуратураси ва ҳудудий транспорт прокурорлари томонидан соҳа ходимлари ҳамда фуқаролар билан мунтазам сайёр қабуллар ўтказилмоқда. Ҳисобот даврида 3 минг 374 нафар фуқаро қабул қилиниб, мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида 114 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Ҳуқуқий хабардорликни ошириш мақсадида 3 минг 852 та тарғибот тадбири ўтказилди, оммавий ахборот воситаларида 1 минг 258 та чиқиш ташкил этилди. Уларда транспорт қонунчилиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда хавфсизлик қоидалари тушунтирилди.
Транспорт тизимини 2030 йилга қадар ривожлантириш бўйича муҳим мақсадлар белгиланган. Транспорт хизматлари ҳажмини 320 триллион сўмдан, транзит ташувларни 18,5 миллион тоннадан ошириш, шаҳар ва туманларни жамоат транспорти билан тўлиқ қамраб олиш режалаштирилган. Янги автобуслар сонини 5 мингтага, электробуслар сонини 2 мингтага етказиш кўзда тутилган.
Электрлаштирилган темир йўллар улушини 65 фоизга, тезюрар поездларда йўловчи ташиш ҳажмини 3 миллион 250 минг нафарга етказиш мақсад қилинган. Авиация соҳасида ҳаво кемалари сонини 180 тага, авиақатновларни 200 мингтага, йўловчилар сонини 24 миллион нафарга етказиш белгиланган.
Транспорт прокуратураси ушбу ислоҳотларнинг қонунийлигини таъминлаш, давлат маблағларининг самарали сарфланиши, хавфсизлик талабларига риоя этилиши ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларини изчил давом эттиради.
Норгул Абдураимова,
ЎзА