Паррандачилик соҳасида Венгрия билан тажриба алмашилди
Венгриянинг Шиофок шаҳрида чорва ва парранда озиқлантириш соҳасида фаолият юритувчи AGROFEED компаниясининг 25 йиллиги ҳамда "Agrofeed International Animal Nutrition Symposium (AIMS 2026)" халқаро симпозиуми бўлиб ўтди.
Халқаро тадбирда мамлакатимиздан «Паррандасаноат» уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аҳмедов ҳамда Ўзбекистоннинг етакчи паррандачилик корхоналари раҳбарлари иштирок этди.
Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ахборот хизматининг маълумотига кўра, симпозиумда паррандани озиқлантиришнинг замонавий технологиялари, озуқа самарадорлигини ошириш ва ишлаб чиқариш харажатларини мақбуллаштириш, паррандачилик маҳсулдорлигини яхшилаш, барқарор ишлаб чиқариш ва инновацион ечимларни жорий этиш ҳамда халқаро тажриба алмашиш ва янги ҳамкорлик имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.

Паррандачиликда озуқа сифати ва ундан самарали фойдаланиш маҳсулот таннархи, маҳсулдорлик ҳамда корхоналарнинг рақобатбардошлигига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис халқаро симпозиумда тақдим этилаётган илғор технологиялар ва илмий ёндашувлар Ўзбекистон паррандачилик корхоналари учун амалий аҳамиятга эга.
AGROFEED компанияси сўнгги уч йил давомида «Паррандасаноат» уюшмаси томонидан Ўзбекистонда ташкил этилган халқаро паррандачилик форумларининг бош ҳамкори ва бош ҳомийси сифатида иштирок этиб келмоқда.

Бундай халқаро мулоқотлар илғор тажрибаларни ўрганиш, янги технологияларни ўзлаштириш ва Ўзбекистон паррандачилик тармоғининг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш учун муҳим имконият.
Г.Бобоева,
ЎзА