“Ўзмиллийбанк”: ёшлар тадбиркорлиги ва бандлиги қўллаб-қувватланади
Наманган давлат университетида "Ўзмиллийбанк" акциядорлик жамияти ташаббуси билан Президентимизнинг шу йил 24 февралда “Кўксарой” қароргоҳида ёшлар билан ўтказган мулоқотида белгиланган вазифалар ижроси доирасида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви ташкил этилди.
Марказий банк Наманган вилоят бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Акрамжон Ибрагимов, “Ўзмиллийбанк” республика бошқарувининг “Келажакка қадам” маркази лойиҳа раҳбари Азимжон Илҳомов, “Ўзмиллийбанк” Наманган вилоят бошқармаси бошқарувчисининг муовини Баҳодир Ҳошимов учрашувга тўпланган талабаларга давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан мулоқотида илгари сурилган ташаббуслар, эртамиз эгалари учун яратилган қулай имкониятлар ҳақида атрофлича тушунчалар беришди.
Таъкидланганидек, 2026 йилдан “Келажак тадбиркори” дастури ишга туширилиб, ёш тадбиркорларга етти йил муддатгача 15 фоизли маблағ ажратиш бошланди. Хусусан, ўзини ўзи банд қилган ёшларга гаровсиз 20 миллион сўмгача, тадбиркорлик кўникмасига эга бўлиб бизнес бошлаётганларга 300 миллион сўмгача, фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлганларга 2 миллиард сўмгача, камида беш нафар битирувчини ишга олган тадбиркорларга эса 10 миллиард сўмгача кредит тақдим қилинмоқда.
Қайд этиш жоиз, ёшларнинг тадбиркорлиги ва бандлигини таъминлашга бевосита масъул этиб бириктирилган “Ўзмиллийбанк” ташаббуси билан Наманган вилоятидаги олий ўқув юртларининг 567 нафар битирувчисига жами 19 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.
[gallery-28944]
Ҳудудларда навқирон авлод вакиллари ўртасида бизнесга оид билим ва кўникмаларни шакллантириш, уларни тадбиркорликка ўқитиш, ғояни бизнесга айлантириш, бухгалтерия, банк, маркетинг, ички ва ташқи бозорларга чиқиш бўйича комплекс хизмат кўрсатиш мақсадида Наманганда ҳам “Ёшлар бизнес инкубатори” ташкил этилади.
Қолаверса, олий таълим муассасалари битирувчилари учун “Менинг биринчи касбим” амалиёт дастури ишга туширилиб, унга кўра, битирувчилар ўртасида танлов ўтказилиб, ғолибларга ойига 2 миллион сўмгача стипендия тўланади.
Тадбирда олий ўқув юртининг битирувчи талаба-ёшлари ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан банк мутасаддиларига саволларини беришди.
Зоҳиджон Қорабоев асли жиззахлик, айни вақтда водийдаги нуфузли олий ўқув юртида таҳсил олмоқда. Бўш вақтларида товуқ етиштириш билан шуғулланади. Паррандачиликни ривожлантириш учун имтиёзли кредитдан фойдаланиш истагини билдирди.
Учқўрғонлик Жавоҳир Жўрабоев эса дарсдан кейин яшаш манзилида ташкил этган озиқ-овқат дўконида фаолият юритади. У имтиёзли кредит берилса, келгусида савдо дўкони тармоғини кенгайтирмоқчи.
Чортоқлик Муроджон Раҳмонов талабаликнинг илк йилида жамоатчилик асосида жисмоний имконияти чекланган шахсларга мўлжалланган нодавлат нотижорат ташкилотини бошқарган. Айрим сабабларга кўра, ташкилотининг мулкчилик шакли бизнес субъектига ўзгартириб қўйилган. Шу сабабли у банк молиявий кўмагини расмийлаштиришда қийинчиликларга дуч келмоқда.
Учрашув давомида шу каби ўндан ортиқ мурожаатлар “Ўзмиллийбанк” мутасаддилари томонидан алоҳида назоратга олиниб, тегишли муддатларда ижобий ҳал этиш чоралари белгиланиши айтиб ўтилди.
– Биз Янги Ўзбекистон ёшлари ўзимизни чинакам бахтли, деб ҳисоблаймиз. Бугун ўз овозини, иқтидорини, салоҳиятини, билимини кўрсатадиган ҳар қайси ёш учун катта имкониятлар мужассам, – дейди Наманган давлат университети физика-математика факультети талабаси Муслима Юсупова. – Ўтган йилнинг охирида ўзим истиқомат қилаётган Наманган туманидаги Яшнобод маҳалласида фотостудия очиш учун 100 миллион сўмлик имтиёзли кредитдан фойдаландим. Бунинг натижасида иш ўринлари ҳам яратдик. Молиявий кўмак муддатидан сўнг банк билан ҳамкорликни яна давом эттиришни режалаштирганман. Бундай мулоқотлар ёш тадбиркорлар, битирувчи талаба-ёшлар учун ғоят аҳамиятли, шунинг учун ҳам унинг бардавом бўлишини истаймиз.
“Раҳбар ва ёшлар” учрашуви якунида “Ўзмиллийбанк” томонидан ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилган 100 ва 200 миллион сўмлик ваучерлар тадбиркорларга тақдим этилди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА