O‘zLiDeP: Чимбой туманида эҳтиёжманд аҳоли қўллаб-қувватланмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманида O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Дастур доирасида партия туман Кенгаши томонидан давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда ҳамкор муассасалар билан биргаликда турли хайрия акциялари ташкил этилиб, эҳтиёжманд фуқароларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Навбатдаги хайрли тадбир давомида партия фаоллари ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган бир қатор фуқаролар хонадонида бўлиб, уларнинг турмуш шароити ва ҳолидан хабар олди.

Учрашувлар чоғида эҳтиёжмандларга замонавий ногиронлик аравачалари топширилиб, уларнинг кундалик ҳаётини енгиллаштиришга хизмат қиладиган амалий кўмак кўрсатилди. Шунингдек, умуммиллий дастури доирасида тумандаги хусусий тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликда хайрия акцияси ташкил этилди. Унда кўплаб фуқаролар учун бепул тиббий кўриклар ўтказилиб, мутахассислар томонидан зарур тавсия ва маслаҳат берилди.

Мазкур хайрли ташаббуслар O‘zLiDePнинг аҳоли манфаатларини таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ғояларининг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда. Партиянинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида амалга оширилаётган бундай эзгу ишлари келгусида ҳам изчил давом эттирилиб, жамиятда ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири