“Ўзкимёсаноат”да 1,2 миллиард сўмлик самарасиз харажатнинг олди олинди
Бу ҳақда “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Таъкидланганидек, ҳисобот даврида коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги, Президент фармон ва қарорлари, Ҳукумат топшириқлари, ички меъёрий ҳужжатлар, коррупцияга қарши курашиш бўйича йиллик режа ҳамда коррупциявий хавф-хатарларни минималлаштириш дастури асосида тизимли равишда амалга оширилди.
Аввало, коррупцияга қарши ички назорат тизимини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги ПФ-22-сон фармони ижроси доирасида “Ўзкимёсаноат” АЖнинг ташкилий тузилмаси қайта кўриб чиқилди. Натижада Бошқарув раисининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Ресубликасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони талабларига мувофиқ, Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс бошқармасининг низоми ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг намунавий низоми асосида ходимларнинг лавозим йўриқномалари қайта ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.
Давлат харидлари соҳасида шаффофлик ва очиқликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада Президентимизнинг 2025 йил 26 декабрдаги “Давлат харидлари тизимида рақобат муҳити ва шаффофликни таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони талабларига мувофиқ “Ўзкимёсаноат” АЖнинг Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс бошқармасида “давлат хариди бўйича бош мутахассис” лавозими жорий этилди.
Шу билан бирга, Давлат харидлари операцияларини назорат қилишни такомиллаштириш мақсадида “Ўзкимёсаноат” АЖнинг “Харидлар тўғрисида”ги низоми ва “Контрагентларни текшириш тўғрисида”ги Йўриқномаси янги таҳрирда ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди.
Ҳисобот даврида давлат харидлари соҳасида ўтказилган назорат тадбирлари доирасида “Аммофос-Максам” АЖда 2024-2026 йилларда амалга оширилган қарийб 7 миллиард сўмлик давлат харидлари ўрганилди. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича хизмат текширувлари ўтказилиб, натижада 3 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинди, 4 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Шунингдек, йўл қўйилган камчиликлар натижасида етказилган 156 миллион сўм зарар контрагент ҳисобидан қопланиши таъминланди ҳамда 1 миллиард 200 миллион сўм маблағнинг самарасиз сарфланишининг олди олинди.
Давлат харидларида коррупция хавфларини камайтириш мақсадида ҳисобот даврида тузилган 598 та хўжалик шартномасининг барчасига коррупцияга қарши курашишга оид махсус шартлар киритилди.
Брифингда қайд этилганидек, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида "Ўзкимёсаноат" АЖда коррупциянинг олдини олиш, давлат харидларида шаффофликни таъминлаш, ички назорат механизмларини такомиллаштириш ҳамда комплаенс маданиятини юксалтириш бўйича қатор амалий ишлар қилинди. Бу йўналишда тизим самарадорлигини янада оширишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА