“Ўзкимёсаноат” АЖ кўмагида аҳоли бандлиги таъминланмоқда
Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу борада йирик саноат корхоналари ҳам фаол иштирок этиб, жойларда янги иш ўринларини яратишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Ана шундай ташаббуслардан бири “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилмоқда.
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги Обод маҳалласида жамият кўмагида аҳолини иш билан таъминлашга қаратилган амалий ишлар йўлга қўйилди. Хусусан, маҳаллада яшовчи фуқаро Назокат Худойбердиевага тикувчилик фаолиятини бошлаш учун зарур шароитлар яратилди. Унга замонавий тикув машиналари ажратилиб, кичик ишлаб чиқаришни ташкил этиш имконияти пайдо бўлди.
Ушбу ташаббус натижасида бир неча нафар кам таъминланган оила аъзолари доимий даромад манбаига эга бўлиб, ўз бандлигини таъминлаш имконига эришди.
Жамият ахборот хизматига кўра, бундай лойиҳалар жойларда тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш, аҳоли даромадларини ошириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан амалга оширилаётган ташаббуслар эса бу борадаги ишлар изчил давом этаётганини кўрсатмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА