“Ўзэнергоинспекция” яна учта ноқонуний ҳолатга чек қўйди
Энергетика соҳасида қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш, электр энергиясидан қонуний фойдаланишни назорат қилиш ҳамда нефть маҳсулотлари сифатини таъминлаш борасида назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.
“Ўзэнергоинспекция” томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ва сифатсиз нефть маҳсулотларини реализация қилиш билан боғлиқ учта қонунбузарликка чек қўйилди.
Хусусан, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида ўтказилган назорат тадбирида фуқаро С. С.га қарашли меҳмонхона электр энергиясидан ҳисоблагичдан ташқари тармоққа уланган ҳолда ноқонуний фойдаланиб келаётгани маълум бўлди. Ушбу қоидабузарлик натижасида электр таъминоти корхонасига 1 миллиард 377 миллион сўмлик зарар етказилгани аниқланди.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида ўтказилган назорат тадбирида “U. P.” МЧЖга қарашли автомобиль ёқилғиси қуйиш шохобчасида АИ-92 маркали автобензин лабораторияда таҳлил қилинди. Натижада мазкур нефть маҳсулотининг давлат стандарти талабларига мос келмаслиги, яъни сифатсиз экани аниқланди.
Ушбу қоидабузарлик учун реализация қилинган нефть маҳсулоти қийматининг 50 фоизи миқдорида, яъни 10 миллион сўм жарима қўлланилди. Бундан ташқари, АЁҚШда сақланаётган нефть маҳсулоти қолдиғининг сифатини қайта тиклаш бўйича тегишли кўрсатма берилди.
Назорат тадбирлари давомида Гулистон шаҳрида ҳам электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатига барҳам берилди. Унга кўра, ўтказилган галдаги тадбирда “M.K.” МЧЖга қарашли нотурар бинода электр ҳисоблагичига ташқи таъсир кўрсатилган ҳолда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келинаётгани аниқланди.
Мазкур қоидабузарлик натижасида электр таъминоти корхонасига 1 миллиард 112 миллион сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди.
Инспекция ахборот хизматининг маълум қилишича, аниқланган қонунбузарликлар юзасидан белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА