Заҳматли меҳнат эътирофи
Самарқанд вилояти ҳокимлигида Президент фармонига кўра, Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан давлат мукофотларига сазовор бўлган соҳа вакилларига ушбу мукофотларни топшириш маросими ўтказилди.
Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Шербек Бўронов Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш тизимидаги янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнлари ҳақида сўз юритиб, эришилаётган натижалар соҳанинг фидойи шифокор ва ҳамширалари, хизматчиларининг заҳматли меҳнатлари маҳсули эканлигини таъкидлади. Ўз вазифасини сидқидилдан адо этиб, давлатимиз ва халқимиз ишончини оқлаб келаётган самарқандлик тиббиёт ходимларидан уч нафари куни кеча юксак давлат мукофотларига муносиб кўрилди.
Хусусан, Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят филиалининг туғруқ бўлими дояси Нодира Бобоева II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан, Самарқанд тумани соғлиқни сақлаш бўлими катта ҳамшираси Санoат Абдураҳмонова ҳамда Республика тез тиббий ёрдам маркази Пахтачи тумани бўлими ҳайдовчиси Низомиддин Умрзоқов “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари меҳнатлари эътироф этилган юртдошларимизни табриклаб, уларнинг аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлидаги келгуси фаолиятларига муваффақият тилади. Мукофотлар ўз эгаларига тантанали топширилди.
[gallery-32206]
– Бу мукофотни ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалининг барча тиббиёт ходимлари меҳнатига берилган юксак баҳо деб биламан, – дейди II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси Нодира Бобоева. – Кейинги йилларда муассасамиз учун янги бинолар қурилиши, замонавий тиббий жиҳоз ва ускуналар берилиши вилоятимизда оналик ва болалик муҳофазасида жуда катта қадам бўлди. Биргина бизда эмас, вилоятдаги бошқа туғруқ мажмуалари ҳам бугунги кун талаблари даражасида жиҳозланиб, оналар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Бу эътибор, албатта, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишга хизмат қилмоқда. Бу жараёндаги иштирокимиз, камтарона меҳнатларимиз давлат раҳбари томонидан эътироф этилаётганидан бошимиз кўкка етди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари