Ўзбекистоннинг Жаҳон банки билан ҳамкорлиги кенгаймоқда
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов World Bankнинг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект бўйича вице-президенти Сангбу Ким билан учрашув ўтказди.
Учрашув олдидан делегацияга Ўзбекистонда рақамли трансформация йўналишида эришилган сўнгги натижалар тақдим этилди. Хусусан, IT Park Uzbekistan фаолияти, мамлакатда АКТ экотизимини ривожлантириш, IT хизматлари экспортини ошириш, стартапларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро технологик компанияларни Ўзбекистон бозорига жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, делегация Uzinfocom фаолияти билан ҳам танишди. Давлат хизматларини рақамлаштириш, электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш ва давлат бошқарувида рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллектдан кенг фойдаланишга қаратилган лойиҳалар ҳақида маълумот тақдим этилди.

Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни инклюзив ривожлантириш, рақамли инфратузилмани кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда иқтисодиёт тармоқларида рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Алоҳида эътибор ёшлар, айниқса ҳудудларда яшовчи ёшлар учун замонавий ва юқори даромадли иш ўринлари яратиш, уларни рақамли технологиялар ва хорижий тилларга ўқитиш ҳамда инсон капиталини ривожлантириш ташаббусларига қаратилди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг рақамли ҳукумат соҳасидаги ютуқлари ҳам юқори баҳоланди. Хусусан, мамлакатнинг GovTech Maturity Index рейтингида 73 поғонага кўтарилиб, дунёда 9-ўринни эгаллагани қайд этилди.
Шу билан бирга, маълумотларни қайта ишлаш марказлари инфратузилмасини ривожлантириш, қувватларни кенгайтириш ва рақамли хизматларга бўлган ортиб бораётган талабни қондириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар рақамли иш ўринлари, сунъий интеллект, рақамли ҳукумат ва инфратузилма соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА