Ўзбекистон ва Қозоғистон ядровий ва экологик хавфсизликни муҳокама қилди
Бугун “Ўзатом” агентлигида Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари ҳамда Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Мансур Ошурбоев бошчилигидаги делегация ўртасида ядровий, радиациявий ва экологик хавфсизлик масалаларига бағишланган ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган атом электр станцияси лойиҳасининг техник ва экологик жиҳатлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон томони лойиҳа доирасида олиб борилаётган қидирув ва тайёргарлик ишлари, хавфсизлик чоралари ҳамда экологик мониторинг тизими ҳақида маълумот берди.

“Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев атом дастурини амалга оширишда хавфсизлик устувор йўналиш эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, миллий талаблар халқаро стандартлар билан уйғунлаштирилиб, ядровий, радиациявий ва экологик хавфсизлик тизими босқичма-босқич шакллантирилмоқда.
Қозоғистон томони ҳам минтақада атом энергетикасини хавфсиз ривожлантириш, экологик масалалар бўйича тажриба алмашиш ва ҳамкорликни кучайтириш Марказий Осиё аҳолиси манфаатларига хизмат қилишини таъкидлади.
Томонлар АЭСни қуриш ва келгусида ундан фойдаланиш билан боғлиқ техник ҳамда экологик талаблар юзасидан фикр алмашди.

Шунингдек, Марказий Осиёда атом энергетикаси соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон томони ўқув дастурлари, амалий тренинглар, академик алмашинув ҳамда соҳадаги билимларни бирлаштирувчи ихтисослаштирилган марказ концепциясини тақдим этди.
Томонлар минтақада тинч атом энергетикасини хавфсиз ва масъулиятли ривожлантириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунида ҳамкорликнинг кейинги йўналишлари, жумладан, “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва экспертлар мулоқотини мунтазам давом эттириш бўйича келишувларга эришилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА