Ўзбекистонлик ёшлар “Ёзги университет” халқаро таълим форумида иштирок этмоқда
Татаристон Республикаси пойтахти Қозон шаҳридаги Қозон федерал университетида 6 июлдан “Ёзги университет - 2026” халқаро таълим форуми бўлиб ўтмоқда.
25 мамлакатдан келган талаба ва ёш тадқиқотчиларни бирлаштирган мазкур лойиҳада Ўзбекистоннинг олий таълим муассасалари талабалари ҳам иштирок этиб, сунъий интеллект, рақамли технологиялар, биомедицина ва бошқа замонавий йўналишлар бўйича билим ва кўникмаларини оширмоқда.
Таълим дастури доирасида назарий машғулотлар билан бир қаторда замонавий симуляцион марказларда амалий дарслар, етакчи халқаро мутахассислар иштирокида маҳорат машғулотлари ташкил этилган. Шунингдек, иштирокчилар астрофизика ва бошқа илмий йўналишлар бўйича маъруза ҳамда семинарларда қатнашяпти.
Андижон давлат тиббиёт институти талабаси Насиба Анварова ҳам форум иштирокчиларидан бири. Унинг таъкидлашича, мазкур таълим дастури замонавий тиббий технологияларни ўзлаштириш, халқаро тажриба орттириш ва турли мамлакатлардан келган ёшлар билан фикр алмашиш учун муҳим имконият яратмоқда.
– Бу ерда олаётган билим ва амалий кўникмаларимиз келгусидаги касбий фаолиятимиз учун мустаҳкам пойдевор бўлади. Айниқса, халқаро даражадаги жарроҳлар иштирокидаги машғулотлар мен учун катта тажриба мактаби бўлмоқда. Келгусида малакали жарроҳ бўлиш, ординатурада таҳсил олиш ва орттирган билимларимни юртимиз тиббиёти ривожига йўналтиришни мақсад қилганман, – деди Н.Анварова.
Қозон федерал университетининг Жиззах филиали талабаси Руслан Ибраимов эса инглиз тилидаги таълим дастурини танлаган. Унинг фикрича, халқаро муҳитда таҳсил олиш касбий билимларни мустаҳкамлаш, хорижий тил кўникмаларини ривожлантириш ва илғор тажрибани ўзлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Келгусида у оилавий стоматологлар сулоласини давом эттиришни режалаштирган.
“Ёзги университет” халқаро таълим форуми ёшларнинг илмий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, халқаро академик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда илғор билим ва тажрибалар алмашинувини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Эслатиб ўтамиз, “Ёзги университет - 2026” халқаро таълим форуми 19 июль куни ўз ишини якунлайди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА