Полимершуносликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинмоқда
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Полимерлар кимёси ва физикаси институти томонидан «Барқарор ривожланиш учун илғор полимершунослик» («Advanced Polymer Science for Sustainable Development») мавзусида халқаро илмий конференция ташкил этилди.
Анжуман мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги, Полимерлар кимёси ва физикаси институти ташкил этилганининг 45 йиллиги ҳамда ўзбек полимершунослик мактаби асосчиси, академик Ҳамдам Усмонов таваллудининг 110 йиллигига бағишланди.
Бугунги кунда полимер материаллар саноат, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, қурилиш ва бошқа соҳаларда кенг қўлланилмоқда. Шу боис янги функционал материаллар яратиш, экологик хавфсиз технологияларни ривожлантириш ва ресурслардан самарали фойдаланишга қаратилган илмий тадқиқотлар тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Халқаро конференцияда мамлакатимиз ва хорижий давлатлар олимлари, илмий-тадқиқот муассасалари, олий таълим ташкилотлари вакиллари, саноат мутахассислари ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этмоқда. Улар полимерлар кимёси ва физикаси соҳасидаги замонавий ютуқлар, илмий ишланмалар ва уларни амалиётга татбиқ этиш истиқболлари юзасидан фикр алмашмоқда.
Анжуман доирасида функционал ва интеллектуал материаллар, нанокомпозитлар, биополимерлар, молекуляр моделлаштириш, муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбалари ҳамда полимер технологияларининг долзарб масалалари муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, янги полимерларни синтез қилиш, уларнинг физик-кимёвий хусусиятларини ўрганиш, қайта тикланувчи хомашёдан фойдаланиш ва экологик барқарор материаллар ишлаб чиқиш бўйича илмий изланишлар натижаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Конференция дастуридан ўрин олган постер тақдимотларида иштирокчилар ўз илмий ишланмаларини намойиш этиб, тадқиқот натижалари юзасидан фикр алмашмоқда. Бу, айниқса, ёш олимлар учун ўз изланишларини кенг илмий жамоатчиликка таништириш ва халқаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имконини бермоқда.
[gallery-32112]
Анжуманда ўзбек полимершунослик мактаби асосчиси, академик Ҳ. Усмоновнинг илмий мероси, мамлакатимизда мазкур фан йўналишини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ҳам эътироф этилди. Устоз олим асос солган илмий анъаналарни давом эттириш, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.
Халқаро конференция полимершунослик соҳасида илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш ва истиқболли тадқиқот йўналишларини белгилашга хизмат қилади.
Анжуман 23 октябрь куни ҳам ўз ишини давом эттиради.
Камола ЮСУПОВА,
Фарҳод АБДУРАСУЛОВ (сурат), ЎзА