Ўзбекистонлик педагоглар Японияда малака оширди
Ўзбекистон таълим тизимида халқаро тажрибани жорий этишга қаратилган яна бир муҳим қадам ташланди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг “BRIGHT” лойиҳаси доирасида вазирлик делегацияси Токушимадаги “Naruto” педагогика университетида малака ошириш дастурида иштирок этди.
Делегация таркибидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти, Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети вакиллари ҳамда педагоглар ўрин олди. Дастур давомида иштирокчилар “PDCA”, “Classroom Action Research” ва таълимда далилларга асосланган қарор қабул қилиш усуллари бўйича амалий машғулотларда қатнашди. Олинган билим ва кўникмаларни келгусида юртимиз мактабларида татбиқ этиш режалаштирилган.

Малака ошириш курслари “Naruto University of Education” ва JICA таълим марказида ташкил этилди. Машғулотларда таълим тадқиқотларини режалаштириш ва амалга ошириш, натижаларни таҳлил қилиш, замонавий педагогик ёндашувлар ҳамда Япония мактаблари тажрибаси ўрганилди.
Шунингдек, дастур доирасида Япония Таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирлиги, “KEI Advanced” хусусий таълим компанияси ҳамда Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонасида учрашувлар ўтказилди. Мулоқотлар чоғида таълим сифати, илмий тадқиқотлар ва халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Дастур якунида иштирокчиларга халқаро малака ошириш дастури сертификатлари топширилди. Олинган тажриба ва илғор ёндашувлар мамлакатимизда таълим сифатини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА