Ўзбекистонда халқаро тижорат низоларини медиация орқали ҳал этиш имконияти кенгаяди
Адлия вазири Акбар Тошқулов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Сингапур халқаро медиация маркази (СИМC) раиси Жорж Лим билан учрашди.
Музокараларда Ўзбекистонда медиация институтини ривожлантириш, халқаро низоларни судгача тез, самарали ва ишончли ҳал этиш механизмларини кенгайтириш бўйича амалий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар қўшма тренинглар – ўзбекистонлик мутахассислар учун халқаро тижорат медиацияси бўйича СИМC экспертлари иштирокида ўқув дастурларини ташкил этиш; амалий тажриба – ўзбекистонлик медиаторларни СИМC кўриб чиқаётган реал ишлар жараёнига жалб этиш орқали халқаро даражадаги кўникмаларини ошириш; минтақавий марказ – СИМCнинг минтақавий ваколатхонасини Ўзбекистонда очиш имкониятларини ўрганиш; қўшма тадбирлар – медиацияни оммалаштиришга қаратилган халқаро конференция ва форумларни биргаликда ташкил этиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

2014 йилда ташкил этилган СИМC бугунги кунда халқаро тижорат низоларини медиация орқали ҳал этишга ихтисослашган нуфузли институтлардан бири ҳисобланади.
Мақсад – инвестор ва тадбиркорлар учун низоларни узоқ суд жараёнларисиз, тез ва самарали ҳал этиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги муқобил низоларни ҳал этиш маркази сифатидаги салоҳиятини оширишдир.
Абдураимова, ЎзА