Аҳоли билан давлат ўртасидаги “кўприк” вазифасини бажарувчи халқчил тузилма
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташкил этилиб, уларни бошқаришда мутлақо янгича тизим – “Маҳалла еттилиги” фаолияти йўлга қўйилди.
Мамлакатимизда 2026 йил “Маҳаллаларни ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши эса, бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 18-19 сентябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида маҳаллаларни ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, маҳаллаларнинг инфратузилмасини янада такомиллаштириш, ижтимоий масалаларни жойида ҳал этиш ва маҳаллани аҳоли муаммоларини ҳал қиладиган энг яқин бўғин сифатида янада кучайтириш бўйича муҳим вазифалар илгари сурилди. Бу эса, маҳалла тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, маҳаллаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш бўйича янги вазифаларни белгилаб берди.
– Ўтган давр мобайнида ҳудуддаги жами 452 та маҳалланинг аҳоли билан давлат ўртасидаги “кўприк” вазифасини амалга оширувчи мустақил ва халқчил тузилмага айланишига кўмаклашиш, “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этишда сезиларли даражада ишлар олиб борилди, – дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Сағиндиқ Турманов. – “Маҳалла еттилиги”га қулай шароит яратиш мақсадида сўнгги йилларда 207 та маҳалла биносида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган бўлса, шундан 133 та маҳалла биноси янгидан қурилганини алоҳида таъкидлаш мумкин. Жорий йилнинг ўзида 23 та маҳалла хизмат биноси билан таъминланган бўлса, 22 та маҳалланинг хизмат биноларида қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, ҳозирги кунга қадар 376 та маҳалла биносига энергия тежамкорлигини таъминлаш, экологик тоза энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва маҳалла биноларини узлуксиз электр қуввати билан таъминлаш мақсадида қуёш панеллари ўрнатилди.
Президентимизнинг юқорида қайд этилган фармони ва қарорига мувофиқ “Маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси” маблағлари шакллантирилиб, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш, ободонлаштириш ва аҳоли муаммоларини ҳал этишга йўналтирилмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 2026 йил 9 ой давомида маҳалла бюджетига жами 23 миллиард 293 миллион сўм маблағ туширилди. Ушбу маблағлар асосан маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, ижтимоий объектларни қуриш ва таъмирлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш ҳамда маҳалла ҳудудида инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган бошқа тадбирларни молиялаштиришга сарфланмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги “Маҳаллаларни ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, “Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси” ҳисобидан 4 миллиард 964 миллион сўм маблағ ажратилди. Натижада 3 минг 395 дона тунги ёритиш чироғи, 13,2 км йўлга тош ётқизилди, 13 та болалар майдончаси ва 5,5 км саломатлик йўли қурилди.
Қорақалпоғистон Республикасидаги 452 та маҳаллада 7 минг 232 та уй-жойи таъмирлаб бериладиган ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар рўйхати шакллантирилиб, манзилли режа тасдиқлаб олинди. Бугунги кунда 6 мингдан зиёд оиланинг уй-жойи ҳомийлик йўли билан таъмирлаб берилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 августдаги “2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан бугунги кунда 452 та маҳаллада “Рақамли маҳалла” тизими жорий этилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Мазкур платформаларга 23 хил маълумот киритилиб, улар “Маҳалла еттилиги” аъзолари томонидан янгиланиб, тегишли маълумотлар киритиб борилмоқда.
Мамлакатимизда ҳар йили “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бунда “маҳалла еттилиги”, жумладан, кўп сонли фаоллар ҳамда маҳалла оқсоқолларининг иштироки муҳим ўрин тутмоқда. Жорий йил баҳор мавсумида 800 мингдан зиёд манзарали ва мевали дарахт кўчати экилди. Бунда кам таъминланган, шунингдек, ёлғиз оилаларнинг томорқа ерларига алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаш жоиз.
Шу ўринда Президентимиз томонидан 2024 йилнинг 25 июнда қабул қилинган “Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янада ривожлантирди. Ушбу қарор асосида Қорақалпоғистон Республикасидаги 67 та маҳаллада “Маҳалла сервис компанияси” фаолияти ташкил этилди. 2026 йилда улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун ҳисоб рақамларига жами 1 миллиард 184 миллион сўм маблағ туширилди.
– Охирги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг туб моҳияти инсон қадрини улуғлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва фуқароларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлашга қаратилган. Бу борада маҳалла институти давлат ва жамият ўртасидаги энг ишончли кўприкка айланди. Илгари фақат маълумотнома берувчи ва фуқароларни ҳисобга олувчи идора сифатида аталган маҳалла бугунги кунга келиб, муаммолар жойида ҳал этиладиган, молиявий имкониятларга эга ва аҳоли ижтимоий ҳимоясини таъминлайдиган қудратли тузилмага айланди. Буни бизнинг маҳалла фуқаролари йиғини мисолида яққол кўриш мумкин, – дейди Нукус шаҳридаги “Наўқан бағ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, “Шуҳрат” медали соҳибаси Замира Айтбаева.
Ҳудудда 1000 дан ортиқ хонадонда 5 минг 36 нафардан зиёд аҳоли аҳил ва тотувликда истиқомат қилиб келмоқда. Маҳаллада олиб борилган тизимли ишлар, жумладан, ишсизлар бандлигини таъминлаш, аҳолини муносиб касбларга ўқитиш, имтиёзли кредитлар ва ссудалар ажратиш орқали оилалар даромади оширилди. Бунинг натижасида маҳаллада камбағаллик даражаси 2,3 фоизга тушишга эришилди. “Еттилик” тизими туфайли фуқароларнинг барча муаммолари маҳалланинг ўзида ҳал этилмоқда.
Илгари маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш ва инфратузилмасини ривожлантириш учун ўз маблағи бўлмаган бўлса, янги тизим асосида фуқароларнинг мол-мулкидан тўланадиган солиқларнинг 15 фоизи маҳалланинг ўз ҳисобида қолмоқда. Аҳолининг кам таъминланган ва оғир турмуш шароитида яшаётган қатламини қўллаб-қувватлаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, мазкур маҳалла фуқаролар йиғинидаги 50 га яқин камбағал оиланинг уй-жойлари шиферланган бўлса, 10 та хонадонга замон талабларига мос қуёш панеллари ўрнатилди. Оғир турмуш шароитидаги 5 та оиланинг уй-жойлари тўлиқ таъмирлаб берилди.
Бундан ташқари, 22 йил давомида доимий иш биносига эга бўлмай, ижарада фаолият юритиб келган маҳалла жамоаси учун 2025 йилда янги, замонавий хизмат биноси фойдаланишга топширилди. Бу эса фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқди. Аҳолини қийнаб келаётган атроф-муҳит ва инфратузилма муаммоларини ҳал этишда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси беқиёс роль ўйнамоқда. Фуқароларнинг фаол иштироки ва ташаббуси маҳалламиз ушбу танловда 6 марта ғолиб бўлиб, 6 миллиард сўмдан ортиқ маблағни жалб этди. Ушбу маблағлар эвазига нафақат маҳалла, балки бутун Нукус шаҳри ривожига ҳисса қўшувчи йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Жумладан, қўшни маҳалла ўртасида ўтадиган темир йўл устидан автомобиль йўли очилди, бу эса қатновни енгиллаштирди. Оқова сув тармоғи тортилди, бунинг натижасида 1000 дан ортиқ хонадон ўз томорқасидан самарали фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Коллектор ободонлаштирилди. 40 йил давомида Нукус шаҳрининг чиқинди полигонига айланиб қолган майдон аҳоли учун қулай ва тоза ҳудудга айлантирилди.
Бугунги кунда маҳаллаларда “кўчабошилар” институти аҳоли билан яқин ҳамкорликда "маҳалла еттилиги"нинг чинакам кўмакчисига айланди. Чунки Қорақалпоғистон Республикасида Жўқорғи Кенгеси раиси томонидан ҳудуддаги шаҳар ва туман кўчабошилари моддий ҳамда маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланиб борилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш кенгаши томонидан 2024 йилдан бошлаб маҳалла, шаҳар ва туман ҳамда республика босқичларидан иборат “Энг намунали кўчабоши” танлови анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.
Танлов доирасида сўнгги 2 йилда 904 нафар кўчабоши жами 1 миллиард 458 миллион сўм миқдорида молиявий мукофотланган бўлса, бир гуруҳ кўчабошилари Қорақалпоғистон Республикасида Жўқорғи Кенгеси Президиум қарорига асосан кўкрак нишонлари билан тақдирланиб борилаётганлигини таъкидлаш жоиз.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Сағиндиқ Турмановнинг таъкидлашича, маҳалла тизимидаги ишларни янада ривожлантириш мақсадида 2026 йил якунига қадар амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, 2026 йил якунига қадар 52 та маҳаллани тўлиқ хизмат биноси билан таъминлаш чоралари кўрилади.
Кўчабошиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Энг намунали кўчабоши” танлови ташкил этилади. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида маҳаллаларда 1 миллион 700 мингдан зиёд манзарали ва мевали дарахт кўчати экилади.
Президентимизнинг жорий йил 23 сентябрдаги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар ролини кучайтириш ва ҳудудларнинг яшиллик даражасини тубдан оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида октябрь-ноябрь ойлари давомида республикада “Тозалик ва озодалик” долзарб 2 ойлиги ўтказилмоқда. Йил якунига қадар “Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси”га жами 37 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тушириш режалаштирилган. “Рақамли маҳалла” платформасига киритиладиган иловалар “Маҳалла еттилиги” аъзоларининг тегишли базалари билан тўлиқ интеграция қилинади ҳамда уларнинг фаолиятини рақамлаштириш, мониторинг қилиш ва бошқариш имкониятлари кенгаяди.
Хулоса қилиб айтганда, маҳалла энди шунчаки маъмурий идора эмас, балки аҳоли фаровонлигини таъминлайдиган, инсон қадрини улуғлайдиган ва энг муҳими фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлайдиган қудратли кучга айланди. “Маҳалла обод бўлса – бутун юрт обод бўлади”, деган гап бежиз айтилмаган. Зеро, аҳолининг розилиги ва фаровонлиги айнан ушбу маскандан бошланади.
[gallery-32209]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА