Ўзбекистонда пул массаси ярим йилда 46,5 триллион сўмга ошди
2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон иқтисодиётида пул таклифи барқарор ўсишни давом эттирди. Марказий банк маълумотларига кўра, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кенг маънодаги пул массаси (М2) 425,1 триллион сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 46,5 триллион сўм ёки 12,3 фоизга кўпайди.
Мутахассислар фикрича, пул массасининг ўсиши иқтисодий фаоллик, банк тизимидаги депозитлар ҳажмининг кенгайиши ва кредитлаш жараёнларининг фаоллашганини англатади. Бироқ, мазкур жараён инфляция босимини юзага келтирмаслиги учун пул-кредит сиёсати мувозанатли юритилиши муҳим аҳамият касб этади.
Ҳисоботдаги энг муҳим тенденциялардан бири миллий валютадаги пул массасининг юқори суръатларда ўсганидир. Ярим йил мобайнида ушбу кўрсаткич 44,9 триллион сўмга ёки 14,5 фоизга ошиб, 353,9 триллион сўмга етди. Натижада миллий валютадаги маблағлар кенг маънодаги пул массасининг 83,3 фоизини ташкил қилди.
Бу аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг сўмга бўлган ишончи ортаётганини ҳамда миллий валютада жамғарма сақлашга қизиқиш кучайиб бораётганини кўрсатади. Тор маънодаги пул массаси (М1), яъни муомаладаги нақд пуллар ва талаб қилиб олингунча депозитлар ҳажми ҳам ижобий динамикани намоён қилди. Йил бошидан мазкур кўрсаткич 15,7 триллион сўмга ёки 10,8 фоизга ошиб, 160,4 триллион сўмга етди. Февраль ойида мавсумий омиллар таъсирида қисқа муддатли пасайиш кузатилган бўлса-да, кейинги ойларда ўсиш суръатлари қайта тикланди.
Муомаладаги нақд пуллар (М0) ҳажми 6,8 триллион сўмга ёки 9,9 фоизга ошиб, 75,3 триллион сўмни ташкил қилди. Ушбу кўрсаткичнинг умумий пул массасига нисбатан пастроқ суръатларда ўсиши мамлакатда нақдсиз ҳисоб-китоблар, электрон тўловлар ва банк карталари орқали амалга оширилаётган операциялар улуши тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Ҳисоботда энг юқори ўсиш миллий валютадаги муддатли депозитларда қайд этилди. Улар ярим йилда 29,2 триллион сўмга ёки 17,8 фоизга кўпайиб, 193,5 триллион сўмга етди. Айниқса, февраль ойида бошқа пул агрегатларида пасайиш кузатилган бир вақтда муддатли депозитларнинг ўсиши аҳоли ва бизнес субъектлари ўз маблағларини узоқроқ муддатга банкларга жойлаштиришни маъқул кўраётганини кўрсатади. Бу эса банк тизими ресурс базасининг мустаҳкамланаётганидан далолат беради. Шу билан бирга, миллий валютадаги талаб қилиб олингунча депозитлар ҳам 11,6 фоизга ўсиб, 85,2 триллион сўмга етди.
Чет эл валютасидаги депозитлар эса йил бошидан 1,7 триллион сўмга ёки 2,4 фоизга ошиб, 71,2 триллион сўмни ташкил қилди. Уларнинг ўсиш суръати миллий валютадаги депозитларга нисбатан қарийб олти баравар паст бўлгани аҳоли ва тадбиркорларнинг маблағларини сўмда сақлашга бўлган қизиқиши кучайиб бораётганини кўрсатади.
Пул массасининг ўсиши, биринчи навбатда, иқтисодиётда товар ва хизматлар айланмасининг кенгайиши, банк тизими орқали молиявий ресурсларнинг кўпайиши ҳамда иқтисодий фаолликнинг сақланаётганини англатади. Шу билан бирга, миллий валютадаги депозитларнинг юқори суръатларда ўсиши Марказий банк томонидан олиб борилаётган қатъий пул-кредит сиёсати, юқори фоиз ставкалари ва аҳолининг миллий валютага нисбатан ишончи мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Нақд пуллар ўсишининг нисбатан паст бўлиши эса рақамли иқтисодиёт, онлайн тўловлар ва банк хизматларининг оммалашиб бораётгани билан изоҳланади. Бу иқтисодиётнинг шаффофлиги ошиши ва нақд пул айланмасининг қисқаришига хизмат қилади.
Бироқ пул массасининг 12,3 фоизга ўсиши келгусида инфляцияга босимни кучайтирмаслиги учун иқтисодиётда товар ва хизматлар таклифининг ҳам мутаносиб равишда ортиши муҳим ҳисобланади. Акс ҳолда иқтисодиётда ортиқча ликвидлик инфляцион босимни кучайтириши мумкин.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА