Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти кунлари бўлиб ўтади
30 ноябрдан 7 декабргача Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Озарбайжон маданияти кунлари ўтказилади
Мамлакатимиз маданият вазирлиги томонидан ташкил этилаётган ушбу тадбирлар Биринчи туркология қурултойининг 100 йиллигига бағишланади.
АзерТАДЖ ахборот агентлигининг маълум қилишича, лойиҳа қардош халқнинг тарихий, маданий ва адабий меросини кенг тарғиб қилиш, икки давлат ўртасидаги гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Дастур муғом, мумтоз мусиқа, жаз, театр, кино ҳамда замонавий тасвирий санъат каби турли йўналишларни қамраб олган. Хотин-қизларнинг маданият ва ижтимоий тафаккур ривожидаги ўрни масаласига алоҳида аҳамият қаратилади. Хусусан, ХХ аср бошларидаги озарбайжонлик маърифатпарвар аёлларнинг илмий мероси ҳамда бугунги рассом хотин-қизларнинг асарлари намойиш этилади.
Шунингдек, маданият кунлари доирасида “Маданият ва ижод ҳафталиги” ҳам ташкил этилади.
Анжуманларда иштирок этиш учун Озарбайжон маданият соҳасининг 200 нафардан ортиқ вакилидан иборат делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюради. Мусиқачи, актёр, ёзувчи, рассом ва бошқа ижодкорлар шулар жумласидандир.
Азиза Алимова, ЎзА