Ўзбекистонда Киношунослар клуби тузилмоқда: миллий кинотанқид кучаяди
Президент фармони билан миллий кино санъатини илмий ўрганиш ва профессионал танқидчиликни ривожлантиришга янгича ёндашув жорий этилмоқда. Санъатшунослик институтида Киношунослар клуби ташкил этилиши соҳага янги имкониятлар очади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 21 ноябрдаги “Кинематография соҳасига замонавий бошқарув усулларини жорий қилиш ва “Ўзбекфильм” миллий кино брендини яратишни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ҳам профессионал кинотанқидчиликка урғу бериб, миллий кино санъати ривожида муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
Хусусан, ҳужжатнинг 7-банд “б” қисмида Фанлар академияси Санъатшунослик институти ва бир гуруҳ киноижодкорлар иштирокида Киношунослар клубини ташкил этиш, унда профессионал киношунос ва кинотанқидчилар фаолиятини йўлга қўйиш, унинг Кинематографик матбуот халқаро федерациясига аъзо бўлишига кўмаклашиш ҳамда клубнинг йиллик махсус мукофотини таъсис этиш вазифалари белгиланган. Бу, шубҳасиз, миллий кино санъатининг илмий ва танқидий асосларини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим ташаббусдир.
Ушбу фармонда белгиланган вазифалар ҳамда таклифлар юзасидан кино соҳасида изланиш олиб бораётган олимлар ҳам ўз мулоҳазаларини билдирмоқда.
— Бугунги ўзбек кинематографиясида фильмлар ишлаб чиқариш жараёни жадаллашиб, турли жанр ва мавзулардаги экран асарлари яратилаётган бир пайтда уларни чуқур илмий-назарий таҳлил қилишга бўлган эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда, — дейди Фанлар академияси Санъатшунослик институти тадқиқотчиси, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Омина Азизова. — Айниқса, миллий кино тарихини тизимли ўрганиш, ўзбек фильмларида миллий фольклор, тарихий хотира, маънавий қадриятлар ва замонавий ижтимоий жараёнларнинг экран талқинини тадқиқ этиш, режиссёрлик ва операторлик мактабларининг ўзига хос хусусиятларини очиб бериш киношунослар олдида турган долзарб вазифалардан.
Шу маънода, Фанлар академияси Санъатшунослик институти ташаббуси билан ташкил этиладиган Киношунослар клуби илмий тадқиқотлар ва амалий киноижодкорлик ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши керак. Клуб фаолияти доирасида янги фильмларнинг мунтазам муҳокамаларини ташкил этиш, премьералар юзасидан профессионал тақриз ва таҳлилий мақолалар тайёрлаш, киноижодкорлар билан ижодий учрашувлар ўтказиш, илмий анжуманлар, давра суҳбатлари ва маҳорат дарсларини йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, ёш киношуносларнинг илмий ва ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, уларни халқаро киношунослик майдонига олиб чиқиш ҳам клубнинг устувор йўналишларидан бири бўлиши лозим.
Фармонда клубнинг Кинематографик матбуот халқаро федерациясига аъзо бўлишига кўмаклашиш вазифасининг белгилангани эса алоҳида эътирофга лойиқ. Чунки мазкур халқаро ташкилот билан ҳамкорлик миллий киношуносларимизнинг жаҳон киношунослик мактаби билан тажриба алмашиши, ўзбек киноси ҳақидаги илмий-таҳлилий материалларни халқаро миқёсда тақдим этиши ва мамлакатимиз кино санъатининг халқаро нуфузини ошириш учун янги имкониятлар яратади. Бу орқали ўзбек фильмларига нисбатан профессионал халқаро муносабатни шакллантириш, миллий кино жараёнини жаҳон кинематографияси контекстида ўрганиш имконияти кенгаяди.
Олиманинг таъкидлашича клубнинг йиллик махсус мукофотини таъсис этиш ташаббуси ёш киношуносларни қувонтирмай қолмади. Чунки бундай мукофот тарихда бўлмаган, ёшлар эса тарихий воқеаларнинг гувоҳига айланаётган авлод бўлишди. Бу махсус мукофот миллий кино санъатидаги энг яхши илмий, ижодий изланишларни профессионал мезонлар асосида эътироф этишга ишонч беради. Энг муҳими, мукофотнинг киношунослар эксперт баҳоси асосида берилиши соҳага холис танқидий ёндашув, ижодий рақобат ва масъулият муҳитини олиб киради.
Зеро, миллий кинематографиянинг ҳақиқий тараққиёти экранда яратилаётган асарлар билангина эмас, балки уларни англайдиган, таҳлил қиладиган, қадрлайдиган ва келажак авлодга илмий мерос сифатида етказадиган профессионал киношунослик мактаби билан ҳам белгиланади. Бу фармон билан эса ана шу тўғрисўз, қатъиятли ва фидойи киношуносларнинг майдони бунёд этилади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА