Ўзбекистонда илк бор «Қурилишга тайёр ер» механизми жорий этилди
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароитлар яратиш, бюрократик тўсиқларни кескин қисқартириш ҳамда шаҳарсозлик соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш борасидаги ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 февралдаги тақдимотда берган топшириқлари ҳамда Президентнинг 2026 йил 24 февралдаги тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида республикамизда илк бор илғор халқаро тажрибага асосланган «Қурилишга тайёр ер» механизми амалиётга жорий этилди.
Ушбу янги тизимнинг дастлабки амалий натижаси сифатида «Самарқанд инвест компанияси» АЖ томонидан Самарқанд шаҳридаги «Нурли йўл» маҳалласида 10,51 гектар майдонда комплекс қурилиш лойиҳалари бошланди. Мазкур лойиҳа доирасида кўп қаватли уй-жой қурилиши учун мўлжалланган илк лот янги тартиб — «Қурилишга тайёр ер» шаклида аукционга чиқарилди.
Биринчи лотнинг асосий шаҳарсозлик кўрсаткичларига кўра, умумий ҳудуд майдони 2 647,63 квадрат метрни ташкил этади. Унда 16 қаватли иккита блокдан иборат, премиум фасад ечимлари ва замонавий архитектура талабларига жавоб берадиган 155 та қулай хонадон барпо этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, лойиҳа доирасида ҳудуднинг 30 фоизини кўкаламзорлаштириш, болалар ва спорт майдончаларини ташкил этиш ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишнинг барча техник шартларини «тайёр пакет» усулида тақдим этиш режалаштирилган.
Янги механизмнинг энг асосий қулайлиги шундаки, эндиликда барча тайёргарлик ишлари, лойиҳаолди келишувлари ва зарур рухсатномалар ер аукционга қўйилишидан олдин тўлиқ расмийлаштириб қўйилади. Натижада аукционда ғолиб чиққан тадбиркор ортиқча оворагарчиликсиз, бюрократик тўсиқларга дуч келмасдан иш бошлаш имконига эга бўлади.
Маълумот учун, амалдаги анъанавий тизимда қурилиш учун рухсат олиш 9 босқичдан иборат бўлиб, ўртача 90 дан 120 кунгача вақт талаб этган бўлса, халқаро амалиётга асосланган «Қурилишга тайёр ер» механизмида бу жараён атиги 7-15 кунни ташкил қилади. Шу билан бирга, қурилишга тайёр бўлмаган ерларни аукционга чиқариш қатъиян тақиқланиб, барча жараёнларнинг шаффофлиги ва қисқа муддатларда амалга оширилиши тўлиқ кафолатланади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА