Ўзбекистонда Харидлар академияси ташкил этилади
Ўзбекистонда давлат харидлари тизимини янада шаффоф, самарали ва рақобатбардош қилиш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди. Пойтахтимизда Давлат харидлари иштирокчилари уюшмаси Кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Давлат харидлари иштирокчилари уюшмаси Кенгашининг асосий вазифаси давлат харидлари иштирокчилари ва давлат органлари ўртасида доимий мулоқот ва самарали қайта алоқа механизмини йўлга қўйишдан иборат. Шунингдек, Кенгаш етказиб берувчилар ва буюртмачилар дуч келаётган амалий муаммоларни ўрганиш, мурожаатларни таҳлил қилиш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини баҳолаш ҳамда соҳани такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

Тадбирда давлат харидлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу жараёнда бизнес вакиллари, буюртмачилар, етказиб берувчилар, экспертлар ва бозорнинг бошқа иштирокчилари фикр-мулоҳазалари инобатга олиниши таъкидланди.
Учрашув давомида Давлат харидлари иштирокчилари уюшмаси раиси Анвар Муҳиддинов Ўзбекистонда илк бор Харидлар академиясини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.

– Ўзбекистонда илк бор Харидлар академиясини ташкил этиш ташаббусини илгари сурдик. Бугун давлат харидлари тизимида 300 мингдан ортиқ иштирокчи фаолият юритмоқда. Бироқ, улар учун ихтисослаштирилган ўқув платформаси мавжуд эмас. Академия айнан шу эҳтиёжни қондиришга хизмат қилади, – дейди Анвар Муҳиддинов. – Ушбу академияда етказиб берувчилар, буюртмачилар, давлат идоралари ходимлари, комплаенс ва хавфсизлик хизмати мутахассислари, корпоратив ташкилотлар ва давлат харидлари билан шуғулланувчи бошқа иштирокчилар учун замонавий ўқув дастурлари йўлга қўйилади. Бу ташаббус соҳа иштирокчиларининг малакасини ошириш, қонунбузилишлар ва техник хатоларни камайтириш, тендер ҳужжатлари сифатини яхшилаш ҳамда давлат харидларида шаффофлик ва адолатли рақобат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қайд этилганидек, дунёнинг қатор давлатларида давлат харидлари соҳаси учун махсус академиялар, институтлар ва ўқув марказлари самарали фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда эса давлат харидлари тизимида 300 мингдан ортиқ иштирокчи мавжуд бўлишига қарамай, бу йўналишда ихтисослашган таълим муассасаси ҳали ташкил этилмаган.

Давлат харидлари иштирокчилари уюшмаси барча етказиб берувчилар, буюртмачилар, тадбиркорлар, экспертлар ва ташкилотлар вакилларини ўз таклиф ва мурожаатларини dxiu.uz сайти орқали юборишга чақирди.
Тадбир сўнгида Давлат харидлари иштирокчилари уюшмаси давлат харидлари тизимида иштирок этаётган барча манфаатдор томонлар билан очиқ мулоқотни мунтазам давом эттириши маълум қилинди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА