Навоийлик ғаллакорлар улкан хирмон бунёд этди
Навоий вилояти ғаллакорлари жорий йил гарчи об-ҳаво шароити ноқулай кечган бўлса-да, давлатга дон сотиш режасини ортиғи билан бажарди.
Жорий йилда вилоятда 865 та фермер хўжаликлари томонидан 31 минг 714 гектарга бошоқли дон экилиб, 105 минг 563 тонна ўрнига 105 минг 794 тонна ҳосил йиғиштириб олинди.
Таъкидлаш ўринлики, давлатимиз раҳбари бошчилигида қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотлар, ғалла етиштириш бўйича илғор тажрибалардан унумли фойдаланиш, шу билан бирга ерга бўлган муносабатнинг тубдан ўзгарганлиги мўл ҳосил етиштиришга замин ҳозирлади.
Далаларда етиштирилган ҳосилни белгиланган муддатларда сифатли ўриб олиш мақсадида 107 та ғалла ўрим комбайни унум билан ишлатилди.

Ушбу зафарли одимга вилоятимиз туманлари ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшди. Жумладан, Қизилтепа тумани режани 107,82 фоизга уддалаб, давлат хирмонига 29 минг 599 тонна, Кармана тумани режани 102,69 фоизга бажариб, 17 минг 833 тонна, Навбаҳор тумани эса режани 100,63 фоизга етказиб, 24 минг 780 тонна сара дон топширди. Эътиборлиси, жорий йилда вилоят бўйича жами 463 та фермер хўжалиги ҳар гектар ердан 100 центнер ва ундан юқори ҳосил олди.

Вилоятда ғаллачиликда мўл ҳосил етиштиришда Қизилтепа туманидаги “Ғолиб”, “Қурбон Латиф”, “Ўрта чўл юлдузи 2018”, “Валиобод”, “Сафаробод боғи”, “Истам Карол”, “Ванғози Агро экспорт”, “Аҳмад Намоз”, “Фахриддин Ойбек”, “Фармон бобо неъмати”, “Косагарон орзуси”, “Шавкат”, “Сардор Сулаймон жасорати”, “Қаҳрамон замин саховати”, Навбаҳор туманидаги “Навоий кўҳинур тараққиёти”, “Салим Чўли”, “Аслон бобо”, “Қалқон пахтакори”, “Мезит”, “Мужассам”, Хатирчи туманидаги “Азиз”, “Муҳиддин бобо чорвадор”, “Шербек Азизбек чорваси”, “Сағдулло бобо Луқмонов”, “Мадина момо набиралари”, “Зоҳиджон Қувондиқ”, Кармана туманидаги “Баҳром Ризо”, “Кармана Азиз истиқболи”, “Олим Раҳмон”, “Бахтиёр ота Тошович”, Конимех туманидаги “Гавҳарбек ули Жандос”, “Динара Шайра”, “Конимех Чордара” каби фермер хўжаликлари 100 ва ундан юқори центнердан ҳосил йиғиштириб олди.

Айни кунларда эса ўрим-йиғим ишлари давом этмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири