Ўзбекистонда “Барселона” футбол академиясини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси спорт вазири А.Икромов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, “Барселона” футбол клуби ижроия жамоаси аъзоси Сезар Мартинес ҳамда клубнинг билимлар, илмий тадқиқотлар ва инновациялар платформаси – “Barca Innovation Hub” бош директори Алберт Мундет иштирокида Zoom платформаси орқали ўтказилган учрашувда “Барселона” футбол академиясини мамлакатимизда ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш, ёш футболчиларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш ҳамда замонавий футбол методологиясини жорий этиш мақсадида “Барселона” футбол клубининг академияси –"Barсa Academy" лойиҳасини мамлакатимизда амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
"Barсa Academy" фаолияти, унинг таълим тизими, мураббийлар малакасини ошириш, замонавий футбол фалсафасини жорий этиш ва иқтидорли футболчиларни саралаш борасидаги тажрибаси юзасидан фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистонда "Barсa Academy" лойиҳасини амалга ошириш имкониятларини ўрганиш, болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш, маҳаллий мураббийлар малакасини ошириш ҳамда футбол соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА