Ўзбекистон – ягона Ватан!
Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан “Ўзбекистон – ягона Ватан!” мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда вилоятда турли миллат вакиллари ҳамжиҳатликда яшаб, меҳнат қилаётгани, вилоятнинг иқтисодий, маданий ва ижтимоий ривожига муносиб ҳисса қўшаётгани алоҳида таъкидланди.
Юртбошимизнинг байрам муносабати билан йўллаган табригида ҳам кўп миллатли халқимизнинг олийжаноб интилишлари, амалий ҳаракатлари билан жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, миллатлар ва динлараро дўстлик, бағрикенглик ҳамда ҳамжиҳатлик энг бебаҳо бойлигимиз экани алоҳида қайд этилган.

Бугунги кунда юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари бир оила фарзандлари каби аҳил ва иноқ яшаб, мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. “Бизнинг кучимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда” деган эзгу ғоя асосида юртимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликнинг ўзига хос ибратли модели яратилди. Пойтахтимиздаги “Янги Ўзбекистон” парки ҳудудида “Бағрикенглик боғи”, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда этно ва сайёҳлик қишлоқлари ташкил этилгани мазкур йўналишдаги фаолиятни кенгайтиришда муҳим роль ўйнамоқда.
Турли миллатга мансуб юртдошларимиз орасида ўнлаб депутат ва сенаторлар, давлат ва жамоат арбоблари, таниқли ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, санъат ва спорт намояндалари, бизнес вакиллари муносиб фаолият кўрсатмоқда.

Ҳозирда Навоий вилоятида ҳам ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ, рус, тожик, татар, озарбайжон, корейс, туркман каби ўнлаб миллат вакиллари бир оила бўлиб истиқомат қилмоқда. Уларнинг тенг шароитларда яшаши, таълим олиши ва меҳнат фаолиятини олиб боришлари учун бирдек шароит яратиб берилган. Жумладан, вилоятда 5 та тилда таълим берувчи мактаблар, 10 та миллий маданий марказ фаолият олиб бормоқда.
Миллий маданий марказларга нодавлат нотижорат ташкилотлари сифатида муайян имтиёзлар яратилган. Айни пайтда грантлар, ижтимоий буюртма ва субсидиялар орқали ҳам уларнинг турли ташаббуслари фаол қўллаб-қувватланмоқда. Бундан ташқари, вилоят марказида фаолият юритаётган 5 та миллий маданий марказларга Навоий шаҳридаги “Дўстлик ва ННТлар уйи”дан хона ва жиҳозлар ажратилган.

Тадбир давомида турли миллат вакиллари томонидан дўстлик, она Ватан ва тинчликни тараннум қилувчи куй-қўшиқлар ижро этилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири