Хусусий тиббиёт: соҳадаги долзарб масалалар муҳокама қилинди
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш ҳамда рақобатбардош муҳитни яратишда хусусий секторнинг ўрни кундан-кунга ошиб бормоқда. Хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ҳамда давлат ва хусусий шериклик алоқаларини янги босқичга кўтариш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида соҳа вакиллари иштирокида ташкил этилган очиқ мулоқот айнан ана шу долзарб масалаларга бағишланди.
Очиқ мулоқотда Агентлик директори Абдулла Азизов ҳамда хусусий тиббиёт муассасалари раҳбарлари иштирок этди.
Учрашувда хусусий клиникалар фаолияти давомида юзага келаётган долзарб масалалар, соҳани янада ривожлантиришга қаратилган таклифлар ҳамда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмлари муҳокама қилинди.

Хусусан, тиббий суғурта тизимини хусусий секторда самарали жорий этиш, аккредитация жараёнида учраётган муаммолар, лицензиялаш ва рухсат бериш тартибларини янада соддалаштириш ҳамда қонунчиликдаги янгиликларни амалиётга самарали татбиқ этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, хусусий тиббиёт муассасалари раҳбарлари инвестицияларни жалб этиш, юқори технологияли тиббий хизматларни ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва давлат органлари билан ҳамкорликни такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Абдулла Азизов ҳар бир мурожаат ва таклиф Агентлик томонидан атрофлича ўрганилиши, соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда хусусий тиббиётни ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича тегишли чоралар кўрилишини таъкидлади.
Учрашув якунида хусусий тиббиёт соҳаси вакиллари билан бундай очиқ мулоқотларни мунтазам ўтказиш ва долзарб масалаларни ўзаро ҳамкорлик асосида ҳал этишга келишиб олинди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА