Ўзбекистон вакиллари Global Startup Awards финалида иккита ғолибликни қўлга киритди
Мальта пойтахти Валеттада “EU-Startups” саммити доирасида бўлиб ўтган “Global Startup Awards Grand Finale”да Ўзбекистон вакиллари икки йўналишда ғолибликни қўлга киритди.
Дунёнинг 54 дан ортиқ мамлакати вакиллари иштирок этган халқаро майдонда ушбу натижа Ўзбекистон стартап экотизими учун тарихий ютуқ сифатида қайд этилди.
Global Startup Awards – стартаплар, фоундерлар, инвесторлар ва экотизим етакчиларини глобал миқёсда тан олувчи йирик халқаро платформалардан бири. У миллий ва минтақавий босқичлар орқали энг кучли лойиҳаларни саралаб, уларни глобал финалга олиб чиқади.

Экспертлар баҳолаши ҳамда халқаро ҳамжамият овоз бериши натижаларига кўра, Ўзбекистон вакиллари – Peritech стартапи асосчиси Рахимахон Нугманова “Йил экотизим қаҳрамони”, Catextra эса “Йил яшил технологиялар стартапи” номинацияларида ғолиб деб топилди.
Мазкур муваффақият 2025 йил сентябрь ойида Тошкентда ICT WEEK доирасида, IT Парк қўллаб-қувватлови билан ўтказилган Global Startup Awards Central Asia минтақавий финалининг мантиқий давоми бўлди.

Айнан ушбу босқич Марказий Осиё стартаплари учун халқаро саҳнага чиқиш, инвесторлар ва экотизим вакиллари эътиборини жалб қилиш имконини яратди.
Қайд этиш керак, Catextra халқаро мукофотга эга бўлиши Ўзбекистонда экологик инновациялар, барқарор ривожланиш ва яшил технологиялар соҳасида яратилаётган ечимлар халқаро майдонда ҳам долзарб эканини кўрсатди.
Catextra – тўқимачилик саноатида шаффофлик, изчиллик ва масъулиятли ишлаб чиқариш тамойилларини ривожлантиришга қаратилган платформа. Стартап ишлаб чиқарувчиларга таъминот занжирининг ҳар бир босқичини хариталаш, текшириш ва кузатиш имконини берувчи воситаларни тақдим этади.
Ўзбекистон вакилларининг бирданига икки глобал номинацияда эътироф этилиши маҳаллий стартапларнинг халқаро бозорда рақобатлаша олишини кўрсатди. Бу натижа инвесторлар, технологик ҳамкорлар ва халқаро экотизим вакиллари учун Ўзбекистон бозорининг салоҳиятини яна бир бор намоён этди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА