Ўзбекистон ва Япония Либерал-демократик партиялари ҳамкорлиги мустаҳкамланади
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитасида Япония Либерал-демократик партияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Таро Коно бошчилигидаги делегация ташрифи доирасида ўтган икки мамлакат парламентлари мулоқоти чоғида икки давлат муносабати кенгайтирилган стратегик шериклик босқичига чиққани алоҳида таъкидланди.
Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил декабрь ойида Японияга амалга оширган расмий ташрифи давомида кечган олий даражадаги музокаралар мавжуд алоқаларни янги босқичга олиб чиққан муҳим воқеа сифатида қайд этилди.

Томонлар сиёсий мулоқот, шунингдек иқтисодиёт, инвестиция, инновация ва таълим соҳаларидаги шериклик изчил ривожланаётгани ўзаро ишонч ва яқин дўстликнинг амалий натижаси экани эътироф этилди.
Учрашувда икки давлат етакчи сиёсий партиялари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Партиялараро алоқани институционал ривожлантириш, парламентлараро ҳамкорликни ҳамда кадрлар тайёрлаш ва тажриба алмашиш механизмини кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Музокара якунида ЎзЛиДеП ва Япония Либерал-демократик партияси ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ҳужжат доирасида партия қурилиши, парламент фаолияти, кадрлар сиёсати ва таълим соҳаларида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Шунингдек, фаолиятни рақамлаштириш, институционал ривожланиш ва замонавий бошқарув усулларини амалиётга жорий этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш вазифалари белгиланди.
Меморандумда миллий парламентлардаги фракциялар, шунингдек маҳаллий вакиллик органлари депутатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида урғу берилган. Ёшлар ва хотин-қизларнинг сиёсий жараёндаги иштирокини қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам устувор йўналишлардан бири сифатида кўрсатилган.
Д.Ҳакимов, ЎзА